Майхўрлик туфайли бой берилган урушлар
Инсоният тарихида халқлар ва давлатлар ўртасида тинимсиз урушлар содир бўлиб келган. Кимдир ғалаба нашидасини сурган, кимдир эса аламли мағлубиятга учраган. Ғолиб бўлганлар қаҳрамонга айланган, улар ҳақида китоблар ёзилган, фильмлар суръатга олинган.
Енгилганлар, одатда қўшинининг ёки саркарданинг заифлиги, сотқинлик, баъзида шунчаки, омадсизлик туфайли мағлубиятга учраган. Бироқ тарихда шундай аламли мағлубиятлар ҳам бўлганки, ушбу омадсизликнинг сабаби майхўрликдир.
Галлар томонидан Римнинг забт этилиши
Миллоддан аввалги 390 йилда Галлар Рим қўшинини енгди. Мағлуб бўлган Рим қўшинининг омон қолган бўлинмалари иккига бўлинди. Бўлинманинг биринчиси Вейи шаҳрига чекинди, иккинчи қисми Капитолий тепалигига жойлашди.
Рим шаҳрига кирган Галлар қўлга киритилган ғалаба шарафига ўлкан зиёфат уюштирди, майхўрлик авжига чиқди. Оқибатда Галларнинг барча саркарда ва аскарлари маст бўлиб қолди. Бундан рим қўшинининг тажрибали саркардаси Камилл зудлик билан фойдаланиб қолди. Ярим тунда Галлар маст бўлиб ухлаб қолишганда римликлар ҳужум уюштирди. Ҳеч нарсани тушинмай қолган сархуш Галлар ҳеч қандай қаршилик кўрсата олишмади. Римнинг забт этилиши, шаробни севувчи Галлар учун қақшатқич мағлубият билан якунланди.
Мажбурий сархушлик
Қадимдан бир халқ янги ҳудудларни забт этишга ҳаракат қилган бўлса, иккинчиси босқинчилардан ҳимояланган. Урушнинг асосий моҳияти ҳам шунда ва бу “анъана” асрлар давомида давом этиб келмоқда.
Миллоддан аввалги VI асрда Византия ва Славян қабилалари ўртасида ҳудуд талашув тўқнашувлари содир бўлиб турарди. Шундай тўқнашувларнинг бирида византияликлар, славянлар ҳудудида адашиб қолди. Мазкур ҳудудда ичимлик суви йўқ эди. Сув захиралари тугагач, Византия аскарларига ташналикдан вафот этмасликлари учун сувнинг ўрнига захирадаги шаробни ичиш буюрилди. Орадан тўрт кун ўтиб, византияликлар кичик дарёга дуч келишди. Ташна аскарлар ўзларини сув томон урди. Тўрт кундан буён шароб ичиб, ҳаёт сақлаётган аскарларнинг барчаси сархуш эди ва жанг қилишга умуман қодирмасди.
Бу вақтда славян аскарлари дарё қирғоғидаги пистирмада ҳужумга шайланиб туришганди. Славянларнинг шиддатли ҳужуми византияликларни шошириб қўйди. Жанг жуда тез якунланди. Сархуш душманларни Славянлар, ортиқча йўқотишларсиз енгдилар.
“Пяни” (мастлар) дарёсидаги қирғин
Мазкур воқеа 1377 йилда содир бўлган. Рус князлари мўғулларнинг ҳужуми ҳақида хабар топишди. Душман қўшинини “Пяни” (мастлар) дарёси қирғоғида кутиб олиш қарори қабул қилинди. Рус дружиналари (бирлашган қўшин) белгиланган жойда узоқ кутди. Бироқ душмандан дарак йўқ эди. Узоқ кутишдан безор бўлган руслар огоҳликни йўқотди: қурол аслаҳаларини ечди ва майхўрлик қила бошлади. Тарихий манбааларда таъкидланишича, қўшин таркибидаги барча маст бўлган ва базму-жамшид уюштирган. Охир-оқибат барча князлар ва саркардалар сархуш аскарларни қолдириб, овга кетишган. Масъулиятсизлик ҳар доим аянчли якунланган, айниқса, уруш вақтида. “Пяни” дарёси қирғоғида ҳам шундай бўлди.
Мўғул қўшини сархуш жангчиларни яксон қилди. Рус князлари дарёга ғарқ қилинди, деярли барча аскарлар қириб юборилди ёки дарёга чўктирилди.
Ўзини ўзи йўқ қилиш
1788 йилда Австрия армияси билан содир бўлган воқеани жанг, деб атаб бўлмайди. Жангда ҳар доим қарама-қарши томонлар бўлади. Лекин мазкур холатда Австрия қўшини шунчаки, ўзини ўзи йўқ қилган.
Австро-турк уруши вақтида Руминиянинг Карансебеш шаҳарчаси ёнида жанг бўлиши кутилаётган эди. Император Иосиф II бошчилигидаги Австрия қўшини жанг бўлиб ўтиши керак бўлган жойга турклардан биринчи етиб келди. Қўшиннинг суворий аскарлари лўлиларни учратиб қолишди. Суворийлар пайтдан фойдаланиб, лўлилардан бир неча бочка шароб харид қилишди.
Бироздан сўнг қўшиннинг секин юрар пиёда аскарлари етиб келди ва пиёдалар суворий аскарлардан харид қилинган шаробдан ўз улушларини талаб қилдилар. Суворийлар уларга рад жавобини бердилар ва майхўрликни ўзлари давом эттиришди. Пиёдалар шаробни куч билан олиб қўйишга харакат қилди. Бироқ жасур суворий жангчилар уларга қаршилик кўрсатди. Оқибатда муштлашув авжига чиқди.
Турклар билан жанг бўлиши керак бўлган майдонга бирин-кетин кўп миллатли қўшиннинг бошқа бўлинмалари ҳам етиб кела бошлади. Аскарлар бир-бирларининг тилини тушинмаслиги вазиятни жиддийлаштириб юборди. Биринчилардан бўлиб етиб келган бўлинмалар тўқнашув суворийлар ва пиёдалар ўртасида кечаётганини тушунган бўлса-да, кейин етиб келган бўлинмалар нима бўлаётганини тушунолмасдан қолди. Кейинги келган бўлинмалар турклар билан жанг қилаяпмиз, деб ўйлаб ўт очди.
Кун қорайгани вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Улар ким билан жанг қилаётганини тушуниб бўлмасди. Охир-оқибат, томонларнинг бири чекина бошлади, қўли баланд келган томон уларни таъқиб этди. Кейин артиллерия ишга тушди, осмонда замбарак ўқлари уча бошлади. Чекинаётган томон дарё устидан ўтган кўприк томон қочди. Эски кўприк қочоқлар билан бирга дарёга қулаб тушди. Ақлдан озган аскарларни ажратмоқчи бўлган императорнинг ҳалок бўлишига бир баҳя қолди. Тонгда турклар билан жанг бўлиши керак бўлган майдонда ҳеч ким йўқ, Австрия қўшини ҳар томонга тарқаб кетган эди. Жанг майдонида 10 минг аскарниг жасади ётарди.
Турк қўшини орадан икки кун ўтиб, жанг майдонига етиб келди. Улар душманларининг жонсиз аскарларини кўриб, нима бўлганини тушунолмасдан ҳайратда қолдилар.
Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.