Мигрантларга қандай имконият ва шароит яратилмоқда?

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида бўлиб ўтган бу галги давра суҳбати шу мавзуда бўлди.

Ўқув курси ходимлари, тингловчилар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари иштирок этган самимий мулоқотда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Самарқанд филиали директори Азиз Ҳафизов кун тартибидаги масала юзасидан батафсил маълумот берди.

Таъкидландики, Ўзбекистонда кейинги уч йилда илк бор меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, молиявий ва моддий қўллаб-қувватлаш воситаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Пировардида хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда. Уларга кредитлар, микроқарзлар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлигини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш учун субсидиялар берилмоқда.

Хусусан, 2019 йилнинг 28 ноябрь куни “Микрокредитбанк” AТБ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “Ўзагросуғурта” AЖ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларга хорижда ишга жойлашиш харажатларини қоплаш мақсадида бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида 10 фоизлик устама билан микроқарзлар тақдим этилади. Микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.

Кредитлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labour-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади.

Шунингдек, Меҳнат вазирлиги ва “Ўзагросуғурта” АЖ ўртасида “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаёти ва соғлиғи соҳасида ҳамкорлик меморандуми” имзоланган. Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг чет элда вақтинча ишлаши даврида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш суғурта мукофоти миқдорини қоплаш учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.

Ушбу суғурта маблағлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда кўп квартирали уйлардан республика бўйича жами 3462 та хонадон, шундан Самарқанд вилоятида 450 та ажратилади.

Давра суҳабти давомида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Сирожиддин АҲМЕДОВ,

ўқув курси ўқув-методик ва ташкилий масалалар бўлими бошлиғи.