Миллий ғурури бор одам бундай фикрламайди

Кейинги кунларда давлат тили бўлган ўзбек тилига бефарқ бўлмаган, куюнчаклик билан ўз фикр ва қарашларини ифода этаётган юртдошларимизга самимий ҳурматимизни изҳор этамиз. Шу билан бирга айрим зиёлиларнинг  “Ўзбекистонда рус тилига ҳам расмий тил мақоми берилсин”, деган ўз юрти тақдирига, миллий шаънимизга ҳақорат руҳидаги хато таклифини қатъий қоралаймиз.

Бу – ўзбек тили истиқболини кўра олмайдиган, миллий ғурури ва орияти йўқ кимсаларнинг мамлакатимиз фуқароларини атайлаб гиж-гижлаб миллий нафсониятини қўзғашни мақсад қилиб олган, юртимиздаги миллатлараро барқарор муносабатларни издан чиқаришни кўзловчи кучларнинг ноғорасига ўйнаётган кишиларнинг иғвосидир. Бундай иғволарнинг олдини олишимиз, давлат тили – ўзбек тилининг том маънода давлат тилига айланишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз ва бу борада қатъий фуқаролик позициямизни намоён этишимиз лозим.

Тил бу миллатнинг кўзгуси, миллат тили билан дунёга танилади. Аслида ўз миллати, тили, ватани ғамини еган зиёлилар рус тилига давлат тили мақоми берилишига эмас, ўзбек тилига дунё тили мақомини беришга ҳаракат қилиши керак.

Маълумотларга кўра, бугун дунёда 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашади. Турк, қозоқ, қирғиз, тожик, озарбайжон, уйғур ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзбек ва туркий тилдаги фикрларни 80-90 фоиз таржимонсиз тушуна олади ва ўз фикрини ўзбекча тушунтириб бера олади. Мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган экан бу мақомнинг обрўсини кўтариш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Келинглар, юртимиз равнақи учун ўзбек тилининг мақомини том маънода юксакка кўтарайлик. Иқтисодимиз, сиёсатимиз, фан ва маданиятимиз давлат тилида ривожлансин.

Таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжаев ёзади: “Мен тил масаласида айрим одамлар кўтарган масаладан жуда ҳам таажжубдаман. Нима учун баъзи катта авлод вакиллари Ўзбекистон Республикасининг мустақил ва суверен давлат эканлигини англашни исташмаяпти?

Нима учун Мустақиллигимизнинг ўтган 27 йили ичида уларда ўз миллий тиллари ва мамлакатини севиш ҳис-туйғулари шаклланмади?

Нега улар Ватан битта ва танҳо эканлигини англай олишмаяпти?

Нега улар миллий тилимизга янги шерик топишга ҳаракат қилмоқда?

Улар орасидаги ижод аҳли, олимлар нега шунча йиллар давомида тилимизни ривожлантирмади?

Нега бу масала миллатлараро низо ва тортишувларга олиб келишини англамаяптилар?

Бу масалани кўтараётган бир гуруҳ катта авлод вакиллари ёшларга намуна бўлиш ўрнига, яна ўша эски замонни, «социалистик» ўтмишни қўмсаётганини тушуниш жуда ҳам қийин, албатта. Ҳурматли кекса авлод вакиллари, аввало шуни билинглар: ўша машъум совет даври энди қайтиб келмайди, орқага қайтадиган кўприклар ёниб кетган. Орқага қайтувчи йўллар ҳам қолмади. Миллат ҳам ўзгарди, Ўзлигини қайтараётган миллат бу”.

Биз ўзбек тилини халқаро алоқалар тилига, жаҳон тилига айлантириш учун кураш олиб боришимиз лозим, деб ҳисоблаймиз.

Б.ТЎРАЕВ,

Ш. ЗИЁДОВ,

Ш.УМАРОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари