Минскдаги норозилик акцияларида ҳибсга олиш бошланди

Бу ҳақда Tut.by Telegram канали хабар бермоқда.

Одамлар шаҳарнинг турли нуқталаридан полиция бўлимларига – шимоли-ғарбдаги Мястровская кўчаси, «Ковальская Слобода» метро станцияси, «Звезда газетаси» проспектининг жануби-ғарбий қисмидан, Сухарево тумани ва Столетова кўчасидан олиб келинган. Соат 14:30 гача 35 нафарга яқин фуқаро ҳибсга олингани маълум бўлди.

Оммавий ҳибсга олишдан қочиш учун намойишчилар шаҳар марказида эмас, балки уйлари олдидаги кўчаларда тўпланишмоқда.

Бундан ташқари, россиялик журналистлар, РИА Новости ва «Интерфакс» вакиллари ҳибсга олингани ҳақида маълум қилинди. Аммо ҳужжатлари текширилгач, улар озод этилди.

Кеча, 6 декабрь куни Беларусда мухолифларнинг «Озодлик марши» акцияси бўлиб ўтди. Тушки соат 12:00 дан бошлаб хавфсизлик кучлари Минск маркази ва пойтахтнинг бошқа ҳудудларини ўз назоратига ола бошлади.

Маълумки, Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган оммавий норозилик намойишлари тўрт ойдирки, ниҳоясига етмаяпти. Расмий натижаларга кўра, олтинчи муддатга сайланган Лукашенко 80 фоиз овоз олган. Қаршилар сайловлар сохталаштирилган деб ҳисобламоқда.