МҚКҚ газ таъминоти корхоналарига 188 миллиард сўмлик асоссиз олинган даромадларини истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатма берди

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) томонидан амалга оширилаётган назорат ишлари доирасида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига қарашли минтақавий газ таъминоти корхоналарининг 2018 йил ва 2019 йилнинг 1 чорагида тадбиркорлик субъектларига табиий газ етказиб бериш борасидаги фаолияти ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, истеъмолчининг фаолият кўрсатиш соҳасидан келиб чиққан ҳолда  хўжалик юритувчи субъектларга табиий газ етказиб бериш ва унинг нархини шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланган.

Масалан, пишган ғишт, цемент, асфальт ишлаб чиқариш, шунингдек, оҳактош ва гипсни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар, ресторан, кафе, тантаналар ўтказиладиган бошқа объектлар учун табиий газнинг оширилган тарифлари қўлланилади.

Бундан ташқари, қонунчиликда тариф ўзгарган ҳолатларда истеъмолчи етказиб бериладиган табиий газ учун олдиндан тўлов тўланган кундан эътиборан кейинги келадиган 2 ой мобайнида қўшимча тўлов тўлашдан озод этилиши назарда тутилган.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида республика бўйича 8 701 ҳолатда минтақавий газ таъминоти корхоналари томонидан белгиланган тарифларни асоссиз ошириш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олдиндан тўланган тўловларни ҳисобга олмаслик каби қонунбузилишлар аниқланди.

Масалан, Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Давр металл” МЧЖ томонидан 2018 йилнинг февраль ойида истеъмол қилинган 58 157 м3  табиий газ учун белгиланган 263,4 сўм ўрнига 1000 сўмдан ҳақ ҳисобланган. Оқибатда газ таъминоти корхонаси томонидан 42,8 миллион сўм асоссиз “фойда” олинган.

Шунингдек, “Гулобод Осиё Парранда” МЧЖ томонидан 2018 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 34,4 миллиард сўм олдиндан тўланган сумма ҳисобга киритилмаган ва 2018 йилнинг 1 ноябридан тарифларнинг ошиши муносабати билан жамият қўшимча тўловларни тўлашдан озод этилмаган.

Аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини вилоятлар кесимида кўриб чиқамиз:

Бухоро вилояти бўйича – 300 ҳолатда 407,6 миллион сўм;

Жиззах вилояти бўйича – 620 ҳолатда 1 942,5 миллион сўм;

Қашқадарё вилояти бўйича – 516 ҳолатда 88 019,9 миллион сўм;

Навоий вилояти бўйича – 22 ҳолатда 59 150,4 миллион сўм;

Наманган вилояти бўйича – 302 ҳолатда 1 770,2 миллион сўм;

Самарқанд вилояти бўйича – 3737 ҳолатда 11 935,0 миллион сўм;

Сирдарё вилояти бўйича – 56 ҳолатда 119,5 миллион сўм;

Сурхондарё вилояти бўйича – 509 ҳолатда 10 534,1 миллион сўм;

Тошкент вилояти бўйича – 1203 ҳолатда 3 290,4 миллион сўм;

Фарғона вилояти бўйича – 23 ҳолатда 240,0 миллион сўм;

Хоразм вилояти бўйича – 1413 ҳолатда 10 866,3 миллион сўмни ташкил этади.

Умуман олганда, республика бўйича кўрсатилган давр мобайнида газ таъминоти корхоналари томонидан жами 188,2 миллиард сўм миқдорида асоссиз даромад олинган.

Шу муносабат билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига берилган ваколатлар доирасида минтақавий газ таъминоти корхоналарига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонуни талабларининг бузилиши бўйича ишлар қўзғатилди. Асоссиз олинган даромадларни истеъмолчиларга қайтариш тўғрисида кўрсатмалар берилди.

Бугунги кунда минтақавий газ таъминоти корхоналарида асоссиз олинган даромадларни хўжалик юритувчи субъектларга қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.