Мутасадди масъулиятни ҳам билиши керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Мирзо Ихтиёров билан суҳбат.

- Сиз раҳбарлик қилаётган доимий комиссиянинг жорий йилги фаолиятидан кўнглингиз тўлдими? Нималардан қониқмадингиз?

- Доимий комиссия халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иккинчи сессиясида тасдиқланган иш режаси асосида фаолият олиб борди. Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенатнинг тегишли қўмиталари билан ҳамкорликда ишладик.

Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутатлар билан карантин чекловларига амал қилиниши, махсус даволаш марказларида беморлар ва тиббиёт ходимларига яратилган шароитлар, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва манзилли сарфланиши жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, кириш имтиҳонларида абитуриентларга яратилаётган шароитларни яхшилаш, тест топшириш жараёнларининг шаффофлигини таъминлашда вилоятдаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари доимий комиссия аъзолари томонидан сенатор ва жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида назорат қилиб борилди.

Сенатнинг тегишли қўмитаси билан вилоят деҳқон бозорларида “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонун ижросини ўрганиб чиқдик.

Албатта, ўрганилган масалалар парламент палаталарининг тегишли йиғилишларида муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликлар белгиланган тартибда ҳал қилинди.

Бироқ бу билан доимий комиссиямиз фаолиятидан кўнглим тўлди, деб айтолмайман. Сабаби, ижтимоий-маданий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишларни ўрганиш, бу борадаги муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш имкониятларидан етарли даражада фойдаланмадик.

- Халқ депутатлари вилоят Кенгашида энг фаол депутат аниқланса, доимий комиссиянгизда ким бу номга лойиқ, деб ҳисоблайсиз?

- Амалдаги чақириққа сайланган вилоят Кенгаши депутатлари муаммоли масалаларни кўтариб чиқаётганлиги, ижро ҳокимияти олдига вазифа ва масалаларни қўяётганлиги билан аввалгилардан ажралиб турибди. Депутатлар ўзлари сайланган сайлов округ ҳудудидаги йиллар давомида ечимини кутиб келаётган муаммоли масалаларни ҳал қилишда фаоллик кўрсатаётгани ҳам жамоатчиликка аён.

Қайд қилиш лозимки, бу борада сайловчилар билан доимий мулоқот йўлга қўйилганлиги, депутатлик сўрови институтидан унумли фойдаланилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, доимий комиссия аъзолари томонидан муаммоли масалаларни ҳал қилиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, турли идора ва ташкилотлар, бошқармаларга 100 га яқин депутатлик сўрови чиқарилган.

Мисол учун, Сарвиноз Нажмиддинова (18 та), Гулнора Алимова (17 та), Нилуфар Нурматова (17 та) энг кўп депутатлик сўровини чиқарган.

Доимий комиссиямизнинг Сенат аъзолигига сайланган депутат Рустам Холмуродов вилоят Кенгаши сессияларида таълим сифатини яхшилаш, ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва оила масалаларига оид таклифлари билан кўпчилик депутатларимизга ибрат бўлмоқда.

Бироқ Эркин Нурбоев ва Сарвиноз Нажмиддиновалар шу кунга қадар ўзлари сайланган ҳудуддаги аҳвол ҳақида вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқланган анкета саволларига жавоб беришмаган.

- Йил давомида бошқарма бошлиғи, ўринбосари ёки туман ҳокимларидан кимларнинг фаолияти бўйича ҳисоботини эшитгансизлар? Улардан қайси соҳа раҳбарлари қайта ҳисоб берди ёки қайси бирларининг берган маълумотларидан доимий комиссия депутатларининг кўнгли тўлмади?

- Бирор масъулнинг ҳисоботидан кўнглимиз тўлмади, деб жамоатчиликка ошкор қилишим қайсидир маънода ноўрин, деб биламан. Аммо шундай ҳолат юз берганда тегишли тавсияларни бериб, ҳисоботини қайта эшитган вақтларимиз ҳам бўлди.

Маълумот ўрнида айтишим мумкин, вилоят соғлиқни сақлаш ҳамда халқ таълими бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган ҳисобот эшитувлари энг кўп тортишув ва мунозараларга сабаб бўлди. Хабарингиз бор, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг ҳисоботи кейинчалик халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида ҳам кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Айтмоқчи бўлганим, ҳар бир раҳбар нафақат сессияга, балки доимий комиссия йиғилишига ҳам алоҳида масъулият билан тайёргарлик кўриши керак. Негаки, у ҳар бири 50-60 минг сайловчи ишонч билдирган, вакил бўлишга муносиб кўрилган халқ ноиблари олдида ҳисоб беради.

- Доимий комиссиянинг келгуси йилги режалари ҳақида нима дея олайсиз?

- Йиллик режага асосан комиссиямиз аъзолари ёшларни соғломлаштириш, уларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган муносабати, таълим масканларида ўқувчиларни спортга жалб қилиш борасидаги ишларнинг аҳволини ўрганади.

Масала юзасидан тегишли таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Ижтимоий соҳада ўзгариш, янгилик киритиш, замонавий ёндашувларни талаб қиладиган соҳалар кўп. Шу боис, келгуси йил кўпроқ назорат-таҳлил фаолиятига эътибор қаратишни ражалаштирганмиз.

Юқорида айтдим, Қонунчилик палатаси ва Сенат билан бир нечта масалани ўргандик, натижалари парламентда муҳокама қилинди. Бу қайсидир маънода тажриба орттиришимиз, жамоатчилик ва Кенгаш назоратининг фарқли жиҳатларини, қонуний асосларини пухта ўрганишимизга хизмат қилди.

Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.