Наҳор ошими ёки наҳор кабоби?

Газеталарда тўйлар ҳақида кўп ёзилди ва ёзилмоқда. Бу шундай мавзуки, керак бўлса, газетанинг ҳар бир сонида, телевидениенинг кунлик кўрсатувларида тўйлар ҳақида ва уларни ўтказиш одатлари тўғрисида аҳолига эслатиб туриш лозим, деб ҳисоблайман.

“Наҳор оши” Самарқандда удум бўлганига ҳам ўттиз йилдан ошди. Тўйнинг бу шакли халқимизга маъқул келди. У эрталаб – бир-икки соат ичида ўтиб кетадиган тадбир. Яна спиртли ичимликлар ичилмайди, ишга борувчилар ишга бемалол етиб бора олади. Камчиқим, ихчам ва маънавий аҳамияти юксак. Биз бундай тўйларга ўрганиб қолган эдик.

Аммо яқинда шаҳримиздаги бир нуфузли ресторанга “Наҳор оши”, деб аталган тўйга бориб, бир “Янгилик”нинг гувоҳи бўлдим. Аввал ярим соатча ҳамманинг жам бўлишини кутдик. Сўнгра Қуръон тиловат қилингач, “Наҳор оши” тадбири бошланди. Лекин дастурхонга ош эмас, “Қозон кабоб” деб аталувчи таом қўйилди. Дастурхон усти эса устма-уст қўйилган ликопчаларда тақдим этилган турли хил гўшт маҳсулотлари, пишириқ, мева-чева, салқин ичимликлар билан тўла эди. Яна ярим соат ўтгач, бўшаган товоқчалар йиғиштирилиб, ош тортилди. “Қозон кабоб”дан тўйиб қолган меҳмонлар ошни, деярли емади.

Ўз-ўзидан маълумки, ош исроф бўлди. Дастурхондаги ноз-неъматлар ҳам қолиб кетди. Бундай исрофгарчилик увол, албатта.

Биз “Наҳор оши”га таклиф этилар эканмиз, дастурхонимизга ҳам бошқа таом қўйилмасдан ош тортилса, аъло иш бўлар эди.

Йўлдош Суюнов,

меҳнат фахрийси.