Навоий вилояти судлари томонидан 61 нафар маҳкум қамоқдан озод этилди

Кечиримлилик – юксак фазилат. Инсон зоти шундай яралган – баъзан шайтоннинг қутқусига учади, баъзан тўғри йўлдан тояди. Беайб – фақат парвардигор. Инсонки, адашибди, йўлини бошқа томонга бурибди, аммо бир кун келиб унинг хато эканлигини англабдими, уни кечириш, тўғри йўлга қайтишига кўмак бериш инсонга хос бўлмоғи лозим.

Шу боис адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.

Мустақиллик байрамини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судлари томонидан  жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва қатьий тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга нисбатан инсонпарварлик принципига асосан жазоларни ижро этиш идоралари томонидан жами 321 нафар шахсга нисбатан киритилган тақдимномалар судда кўрилиб, қаноатлантирилган.

Жумладан, 91 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган.

Кўрилган ишлар бўйича маҳкум озодликдан маҳрум қилиш жазо тури учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 61 нафар маҳкум қамоқдан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилган.

Шунингдек, ижобий тавсифга эга ҳамда суд тайинлаган озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиланган қисмини ўтаган

169 нафар маҳкумлар енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилган.

Учқун САМАНДАРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди катта мутахассиси.