Нолишни бас қилинг

Тўқ ва осойишта замонларда одамлар тўхтовсиз шикоят қилишар экан. Қанчалик тўкин-сочин яшаса, ҳаётидан шунчалик норизо экан. Жуда ғалати. Шикоят қилиш учун алоҳида бир сабаб бўлмаса-да, болалигида онаси ўйинчоқ сотиб олиб бермаган ўтмишдаги хотиралар ишга тушар экан...

Отаси ҳам эътибор қилмаган, умуман у билан иши бўлмаган, у ишларди ахир, оила боқиши керак эди. Атрофдагилар ҳам... бепарво ва бефарқ эди. Хуллас шикоятларнинг чеки йўқ.

Шахсан ўзим икки-уч йил олдин бир оиланинг дўконда озиқ-овқат ортилган улкан арава билан туриб, баланд овозда эътироз билдираётгани гувоҳи бўлгандим. Хотини ғазаб билан форель (олабалиқ) борлигидан шикоят қиларди. Лекин лосось (қизил балиқ) йўқ экан! Қизил балиқ бўлмаса, қандай яшаш керак? Эртага қариндошлар меҳмонга келишади. Олабалиқ унчалик мазали эмас. Улар қовурилган лососни яхши кўришади. Қаранг-а...

Дам олиш кунларига Мисрга учиб бориб-келган оддий офис ходимларини ҳам кўрдим. Бу ишлайдиган компаниясининг уларга берадиган шундай корпоратив дам олиш имконияти экан. Улар самолётда парвоз қилиш узоқ бўлганидан шикоят қилишарди, овқати ҳам  унча яхши эмас экан. Товуқ ёки балиқ. Яхшироғини беришса ҳам бўларди. Бу сафар ҳам “тўрт юлдуз”ли меҳмонхонадан жой олишибди, хасис хўжайини “ультра” сотиб олишга қурумсоқлик қилибди.

Механиклардан бири қиммат бўлганлиги туфайли янги чиққан машина харид қила олмаганидан шикоят қила кетди. Эскироқ, ишлатиб қўйилганини сотиб олишга мажбур бўпти. Ахир кўргазма залидаги премиум-классдаги хорижий автомобилни сотиб олмаслик бу шармандалик-ку. Мана, энди эскини кийгандек у “Лада”да юради.

Иш кўплигидан шикоят қилишади. Дам олишга вақт йўқ! Жин урсин нега иш бунчалар кўп бўлмаса? Дам олишдан шикоят қилишади. Меҳмонхонадаги  хона улар хоҳлаганчалик кенг эмас. Бепул музқаймоғида қандайдир ғалати таъм бор.

Ҳамкасби атирининг ҳиди яхши эмас. Бензин қиммат. Автомобиллар ҳам қиммат. Ҳамма нарса қиммат. Ҳаммаси бепул бўлиши керак... музқаймоқдек.  Кредитлар қайтарилиши керак эмиш. Даҳшат. Нафақалар кам, пенсиялар ҳам кам.

Тўхтовсиз шикоят қилишарди. Интернетдаги ҳар қандай яхши матн ёки видео остида, дарҳол тажовузкор ва қайғули шарҳлар пайдо бўлади. Овқатланиш пайтида шукр қилиш ўрнига ошпаз томон камситишлар “отилади”.

Робинзон Крузо ҳақидаги китобда эса ҳамма нарсасини йўқотган одам номидан ҳикматли сўзлар ёзилган. У нафақат мулкини йўқотди, ўзини ҳеч ким яшамайдиган оролда бутунлай ёлғизликда топди. Ва кўп нарсани тушунди. Қуйида Дефонинг сўзлари келтирилган:

 “... агар ҳозирги ҳолатимизни бошқаси, ҳатто ундан ҳам ёмони билан солиштириб, Тангри бир лаҳзада барчасини алмаштириб, тажриба орқали авваллари қанчалик бахтли бўлганимизни кўрсатиши мумкинлигини ёдда тутсак қанчалик фойдали бўларди!

...Мен вазиятимнинг қоронғу томонига эмас, балки ёрқин томонига кўпроқ қарашни ва нимадан маҳрум бўлганимдан кўра, бор нарсам ҳақида кўпроқ ўйлашни ўргандим. Бу менга сўз билан ифода этиб бўлмайдиган ички хурсандчиликни инъом этарди.

Буни ҳамма нарсадан норози, ҳеч қачон қониқиши йўқ, ўзларига берилган неъматлардан хотиржам баҳраманд бўлолмайдиган бахтсизлар учун айтяпман, чунки улар доимо ўзларида йўқ нарсани хоҳлашади. Биз нимадан маҳрум бўлганимиз ҳақидаги барча шикоятларимиз, бизда бор нарсага шукроналик билдирмаслигимиздан келиб чиқади.”

Бу сўзларни тушуниш учун баъзи одамлар ўзларини кимсасиз оролда ёки ресурслари кам ва тез орада аҳвол яхшиланиши кутилмайдиган қийин вазиятда топишлари керак.

Шикоятлар бахтсизлик келтиради, биз шуни билиб олишимиз лозим. Эскисидан қониқиш бўлмаса, олдингиси янгисига алмашинади. Бу қонун. Фақат янгиси умуман яхши бўлмаслиги мумкин. У таққослаш учун берилади: шикоят қилишни тўхтатиш учун, овқатланиш вақтида шукр қилиб сўнг дуога қўл очишни ўрганиш учун...

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.