Нон нархи арзон бўлади... (ми?)

Сабаби оддий – Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги нон ва ун маҳсулотлари энг арзон давлат бизнинг мамлакат. Қолаверса, сўнгги марта қолипли нон нархи 2014 йилда оширилган эди. Ўтган тўрт йил давомида қолипли нон нархининг бир хил ушлаб турилишига барча кўникди. Бозор талаби эса бошқачароқ.

Айтайлик, ўтган йили фермерлардан ғалланинг бир тоннаси 550 сўмдан харид қилинган. Табиийки, фермер бундан фойда кўрмайди. «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тасарруфидаги корхоналарнинг зарари тиклаш қийин бўлган даражада – 489 миллиард сўм! Аммо асосий масала бу ҳам эмас. Шу вақтгача қолипли нон нархини ушлаб туриш учун ун фақат айрим корхоналарга рўйхат асосида давлат белгилаган нархларда махсус фонд орқали тарқатиларди. Ана шу рўйхатга кирмаган корхоналар эса унни бозор нархида сотиб олди.

Табиийки, у ишлаб чиқарган нон таннархи ҳам қиммат бўлиб, сотолмай, тез орада касодга учрарди. Оқибатда давлат белгилаган нархда ун олувчиларнинг табиий монополияси вужудга келиб, бу ноннинг сифатига таъсирини ўтказди. Энг ёмони, унни давлат белгилаган нархда олиб, маҳсулотни «кўча» нархида сотган тадбиркорлар ҳам учраб турарди. Бу ҳолатда фермер зарар кўради, ун ишлаб чиқарувчилар зарар билан ишлади. Нонни арзон сотиши керак бўлган тадбиркор эса барибир ўз билганидан қолмасди. Чунки юқорида айтилганидек, рақобат йўқ.

– Шундай вазиятда Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 13 сентябрда “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди, – дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Абдуғани Саидов. – Ушбу қарорга кўра, қолипли нонни талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотиш амалга оширилади. Бу эса юқоридаги салбий ҳолатларга барҳам бериб, нон ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳалол рақобатни вужудга келтиради. Энди бозорда кимнинг маҳсулоти арзон ва сифатли бўлса, ўша харидоргир бўлади. Юқоридаги ҳужжатга асосан 1 килограмм 1-нав буғдой уни учун улгуржи нарх 1400 сўм миқдорида белгиланди. 1 ноябргача буни ҳам бекор қилиш кўзда тутилган. Ана шу сабабдан айни вақтда нон нархи 900-1000 сўмга чиқиши табиий. Аммо эндиликда нон ишлаб чиқарувчиларнинг ортиши ҳисобига нарх ва сифат аҳоли талабига қараб ўзгараверади.

Шунингдек, қарорга кўра, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси корхоналари томонидан спирт ишлаб чиқарувчилар, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик корхоналарига дон, шунингдек, олий навли буғдой унини биржа савдолари орқали сотиш чекловларсиз амалга оширилади. Бу эса, маълум муддатдан сўнг ем, гўшт маҳсулотлари нархи тушишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб:

Ёшга доир, ногиронлик бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болалигидан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, ногирон бўлган 16 ёшгача болаларга нафақа, шунингдек, ёшга доир пенсиянинг белгиланган миқдоридан кам пенсия ва нафақа бўйича ҳар бир нафақа олувчига;

Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича нафақа олувчи ҳар бир оила, ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилага ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши жорий этилмоқда. Шу орқали, аҳолининг муайян қатламини нархлар ўзгаришидан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

Яна бир ҳолатга эътибор қаратинг, Самарқанд шаҳрида шу вақтгача давлат белгилаган нархларда ун олувчи 84 та корхона бор эди. Бундай корхоналар сони ҳар бир туманда ўнтадан кам эмас. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам арзон ундан қолипли нон тайёрламаслиги аниқ, шунчаки, устига нарх қўйиб, яна ун ҳолида сотиб юборганлари ҳам бор эди.

– Узоқ йиллардан бери аҳоли дастурхонига 30 турдан зиёд нон ва нон маҳсулотлари етказиб беряпмиз, – дейди Самарқанд шаҳридаги «Миёнқол нон» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наимжон Баҳриев. – Ҳар бирининг қуввати кунига 30 минг дона қолипли нон ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий иккита цехимиз бор. Ўз вақтида тўлиқ қувват билан ҳам ишладик, 30-40 минг дона маҳсулот чиқардик. Аммо узоқ вақт бунча маҳсулот ишлаб чиқариш бизга зарар келтиради. Чунки, давлат нархида оладиган унимиз миқдори бунча маҳсулотга етмайди. Бозор нархида ун олиб ишлаб чиқарган нонимиз таннархи эса имтиёзли ун оладиганларникидан ошиб кетса, зарар кўришимиз мумкин. Мана, энди нарх сиёсати ўзгарди, ҳамма нарсани бозор ҳал қилади. Бунинг муҳим томони шундаки, ўзимизга берилган «лимит» тугаса ҳам, ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатмаймиз. Энди бемалол қўшимча ун олиб ишлашда давом этаверамиз. Чунки ун нархи эркин бўлгач, бошқалар ҳам шу нархда олади. Бозорда ўз ўрнимизга эга бўлиш учун ишлаб чиқаришни кўпайтириб, устига қўйиладиган нархни бошқалардан арзонроқ қилишимиз керак. Ҳозирча, мисол учун, 10-15 мингта қолипли нон ишлаб чиқарсак, эртага талабга қараб, буни бир неча бараварга оширишимиз ҳам мумкин. Ҳозирги шароитда ҳар бир қолипли нон нархи бизга 900 сўмга яқин тушади. Агар 950 сўмдан сотадиган бўлсак, фойда билан чиқамиз.

Ишлаб чиқарувчиларнинг фикри ана шундай. Улар учун эркинлик бу -  бозор қоидалари, талаб ва таклиф. Шунга қараб, улар сифатни ҳам, нархни ҳам ушлай олади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.