Ношуд оталарга жазо тайинланди

Ўз фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ бўлиб келаётган оталардан суд қарорлари асосида мажбурий тартибда алимент тўловларини ундириш, бундай тўловларни амалга оширишдан бўйин товлаб келаётган оталарга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш, уларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш Мажбурий ижро бюроси органларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Афсуски, бундай ҳолатлар кам эмас.

Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2016 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан фуқаро Р.К. собиқ турмуш ўртоғи фойдасига 2 нафар фарзандларининг вояга етгунига қадар моддий таъминоти учун алимент пулини тўлаб бориши белгиланган. Лекин Р.К. бирор-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, алимент пулларини тўлашга ўз фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ қараб келганлиги учун 2019 йилнинг апрель ойида Тойлоқ тумани маъмурий судининг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган. Лекин фуқаро Р.К. маъмурий қамоқ жазосидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган ва вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлашни давом эттирган. Оқибатда жорий йилнинг ноябрь ойи ҳолатига унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 15 миллион 517 минг сўмни ташкил қилган.

Мажбурий ижро бюроси Жомбой тумани бўлими томонидан фуқаро Р.К.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар асосида 2019 йил 22 ноябрь куни Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шу каби фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди томонидан 2012 йил май ойида чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан фуқаро Р.Ф. вояга етмаган 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент пулини тўлаб бориши белгиланган. Бироқ фуқаро Р.Ф. ҳеч қаерда ишламасдан, вояга етмаган ўғлининг моддий таъминотига бефарқ қараб келганлиги учун Булунғур тумани маъмурий судининг 2019 йил июнь ойида чиқарган қарорига кўра, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Лекин шундан сўнг ҳам фуқаро Р.Ф. ўзига ижобий хулоса чиқариб олмасдан, вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлашда давом этган ва ноябрь ойи ҳолатига унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 31 миллион 396 минг сўмни ташкил қилган.

Бу ҳолат бўйича 2019 йил 22 ноябрь куни Бюронинг Жомбой тумани бўлими томонидан фуқаро Р.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2017 йилнинг ноябрь ойида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди фуқаро Ш.О.га икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент пулларини тўлаб боришни белгилаган. Бироқ қарздор Ш.О. алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли 2019 йил март ойида Тойлоқ тумани маъмурий судининг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.

Маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан бўлса-да, фуқаро Ш.О. бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмасдан, вояга етмаган фарзандларига алимент тўлашдан бош тортиб келган ва жорий йилнинг ноябрь ойига унинг фарзандлари олдидаги қарздорлиги қарийб 19 миллион 400 минг сўмни ташкил қилган.

Ношуд бу отага нисбатан ҳам 2019 йил 22 ноябрь куни Бюронинг
Жомбой тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан иш қўзғатилиб, уни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал қилинмоқда.

2018 йилнинг январь ойида фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг қарори билан Нуробод туманида яшовчи фуқаро Х.А. вояга етмаган 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент тўлаб бориши белгиланган. Лекин қарздор ўғлининг тақдирига бефарқ бўлиб, унга алиментларни тўлашдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли Мажбурий ижро бюроси Нуробод тумани бўлими томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида унга 2019 йил май ойида туман маъмурий судининг қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шундан сўнг ҳам фуқаро Х.А. ўзига хулоса чиқариб олмаган ва вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бош тортиб келган. Жорий йилнинг ноябрь ойига унинг алимент тўловларидан қарздорлиги 2 миллион 314 минг сўмни ташкил қилган.

Ушбу ҳолат бўйича 2019 йил 22 ноябрь куни Бюронинг
Нуробод тумани бўлими томонидан фуқаро Х.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.