Одил судловни таъминлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш керак

Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири одил судлов сифатини ошириш ва бу борада юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришдир.
Бу вазифани амалга оширишда Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамиятга эга.
Фармоннинг биринчи бўлимида суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги устувор мақсадлар белгиланган. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
- судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;
- бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш;
- тингловчи ва талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантириш, таълим жараёнида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
- судьялик лавозимларига номзодлар, судья ва суд аппарати ходимларида замонавий ахборот технологиялари ва сунъий идрок (интеллект) имкониятларидан амалиётда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш;
- суд фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш.
Фармонга асосан Судьялар олий мактаби фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш масаласи кўриб чиқилган. Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академиясини ташкил этиш белгиланган. Академия Судьялар олий кенгаши ҳузурида фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Академияда таълим жараёни “Устоз–шогирд” анъанаси асосида «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойилига мувофиқ ташкил этилади. Бу эса таълим жараёнининг амалиётга яқинлигини таъминлаш ва бўлажак судьяларнинг касбий кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Эътироф этиш жоизки, фармонда белгиланган мақсад ва вазифалар, шунингдек, Академиянинг ташкил этилиши суд тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи эканлигини кўрсатади. Таълим жараёнига замонавий усулларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш суд тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Академиянинг ташкил этилиши ва унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларининг белгиланиши кадрлар тайёрлаш тизимининг мустаҳкам пойдеворини яратади. «Бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойили эса, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга имкон беради.
Ушбу Фармонда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар ва янгиликлар белгиланган. Жумладан, судьяларни қайта тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб янги тартиб ўрнатилади.
Шу ўринда, фармондаги асосий ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтсак.
1. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш:
Академияда 6 ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади (давлат гранти асосида).
Курсларга қабул қилинганлар асосий иш жойидан озод қилинади ва лавозими сақланади.
Тингловчиларга судья ёрдамчисининг бир ойлик иш ҳақи миқдорида стипендия тўланади.
Номзодларнинг касбий муносиблиги, обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади.
Қабул психология, хорижий тиллар ва суд ихтисослиги бўйича тест синовлари, ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбат орқали амалга оширилади.
2. Таълим жараёни:
Таълим «назария–амалиёт–имитация» тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади.
Амалий машғулотлар деонтологик услубда ўтказилади (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа органлар фаолиятида иштирок этиш).
«Виртуал суд» машғулотлари жорий этилади (суд мажлисларини кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш).
Сунъий идрок (интеллект) технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув дарслари ташкил этилади.
Якуний аттестация:
Курсларни тамомлаганда Судьялар олий кенгаши раҳбарлигида идоралараро комиссия томонидан якуний аттестация имтиҳони ўтказилади ва муваффақиятли ўтганларга сертификат берилади.
Сертификатга эга бўлганлар бўш судьялик лавозимларига танловларда иштирок этадилар.
Мухтасар айтганда, Президентнинг ушбу фармони одил судлов соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиб, ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган муносиб судьяларни етиштириб чиқаришга хизмат қилади.
Луқмонбой Асатов,
Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси.