Океан ва денгизлар тубига қанча бойлик ғарқ бўлган?

БМТ маълумотларига кўра, бутун тарих давомида инсоният 3 миллионтага яқин кемасидан айрилган, уларни дунё океани ўз қаърига тортиб кетган.

Албатта, ҳаммаси ҳам олтин олиб кетаётган бўлмаган. Аммо олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 1500 йилдан буён инсоният қўлга киритган олтин ва кумушнинг катта қисми денгиз жанги ва кемалар ҳалокати оқибатида сувга ғарқ бўлган.

1595 йилда Флорида яриморолидан унча узоқ бўлмаган сувда Испан каравелласи “Санта-Маргарита” чўкиб кетади. Унинг ичида қиймати 8 млн. доллар бўлган олтин ёмбиси бор эди. Орадан уч йил ўтиб, Қариб денгизида “Сан-Фердинада” кемаси ҳалокатга учрайди, у бортида 20 миллион долларлик бойлик олиб кетаётган эди.

1628 йилда Флорида кўрфазида жунбушга келган довул 11 испан кемасини сув остида ғарқ қилди. Улар Европага ақлбовар қилмас миқдорда – қиймати 1 миллиард 200 миллион песет олтинни олиб кетаётган эди.

1716 йилда Сталов кўрфазида довулга дуч келган 42 голланд фрегати чўкиб кетди. Улар билан бирга қиймати 460 миллион гульден олтин сув тубига ғарқ бўлди.

Океан қаъридаги бойлик хазина қидирувчиларга тинчлик бермай келади. Сув тубидан бойликларни чиқариб олиш изчил йўлга қўйилган бизнесга айланган. Унда ёлғиз кишига ва ожиз жамоага ўрин йўқ. Бу борада экспедиция ташкил этиши ва бойликларни қидириб топиб, юзага чиқариш учун катта қорпорациялар фаолият олиб бормоқда, улар бу ишга ақлбовар қилмас пуллар сарфлашяпти. Бу таваккалчилик ўзини оқлаяпти ҳам. Негаки, айрим хазиналарнинг қиймати ярим миллиард доллардан ошади-да!

Яна ҳалокатга учраган кемалар билан ғарқ бўлган олтинларга қайтамиз. 1917 йилда Шимолий Ирландия қирғоқларида Англиянинг “Лауринтек” кемаси билан фожиа юз берди. Кема Канаданинг Галифакс порти сари йўлга чиққанди. Унинг бортида Канада етказиб берган қурол-яроғи учун тўланадиган 3 мингдан зиёд олтин қуймаси бор эди. Лох-Сулли кўрфазидан сузиб чиқишида “Лаурентик” немис минасига дуч келиб портлаб кетади, у билан бирга команданинг ярими ва ҳамма олтин чўкиб кетади.

Денгизда сузиш тарихида ҳали ҳеч қачон кема билан сув қаърига 43 тонна олтин чўкиб кетган ҳодиса бўлмаган эди. Бахтга қарши кема чўккан сув чуқурлиги 40 метргина экан. Шунга қарамасдан, ғаввослар 7 йил тинимсиз мехнат қилишларига тўғри келди. 1924 йилда юзага 2186 олтин қуйма чиқариб олинди, бунинг учун ғаввосларни 5 минг марта денгиз тубига шўнғишларига тўғри келди. 26 олтин ёмби сув тагида қолиб кетди.

Тарихда бундай мисоллар кўп. 1922 йил 22 майда Англиянинг “Иджпт” пароходи билан шундай фожиа юз берди. Йўловчи катта бу пароходи қалин туманда француз кемаси билан тўқнашиш оқибатида жиддий шикастланди ва 20 дақиқадан кейин чўкиб кетди. Атлантиканинг Финистерр буруни районида чуқурлик 120 метрга етарди. Чўккан пароходдаги бойликларни юзага чиқариб олиш учун 6 йил зарур бўлди. Натижада 865 олтин қуйма, 6 тонна кумуш, 80 мингта тилла танга чиқариб олинди.

Хазина қидирувчиларни ҳамиша омади келавермайди, албатта. Кўп ҳолларда сарфланган харажатлар беҳуда кетади. Ғаввослар соғлиқларини йўқотади, баьзан ҳалок бўлишади. Ёмони, ҳали дунё океани тубида беҳисоб бойликлар хазина қидирувчиларнинг оромини бузиб ётибди.

 Т.Шомуродов тайёрлади.