Олимлар хулосаси: Байрам нишонлаш соғлиққа ҳам фойда беради
Кўнгилларни завққа тўлдириб янги йил кириб келмоқда. Аммо айримлар учун бу шунчаки тақвим ёки йил алмашинуви бўлиши мумкин ва бунинг ажабланарли жойи йўқ: байрамона кайфият ўта нозик ҳис. У ишдаги стресс, соғлиқ муаммоси ёки бошқа вазият туфайли бузилиши ҳеч гап эмас. Шунга қарамай, байрамни кўтаринки ўтказишнинг фойдаси ҳақида олимларда далиллар бор.
Байрам оилавий ришталарни мустаҳкамлайди ва бахтни ҳис қилишга ёрдам беради
Яқинлар билан яқин муносабатлар бахтнинг асосидир. Ахир Янги йил байрами бежизга оилавий дейилмайди. Оила даврасида кутиб олинган янги йил албатта оила аъзоларини бир-бирига янада яқинлаштиради. Шундай фикрга америкалик олимлар келишган. Улар респондентлардан оиласида Янги йил анъаналари, масалан, байрамона кечки овқат, арча безаш ёки янги йил киргунга қадар сўнгги сонияларни санаш одати борми, деб сўрашган. Янги йилни биргаликда шўх-шодон кутиб олганлар ўзини бахтли ва оиласига яқинроқ эканлиги маълум бўлган.
Қорбобо ва хотиралар
Байрам Қорбобога ишонган давримиз - болаликка саёҳат қилиш имкониятидир. Оила аъзолари билан болаликни хотирлаш, яхши-ёмон ёки қийин кунларни эслаш инсонни янада кучли бўлишга ундайди.
Бир гуруҳ психологлар экспериментлар натижасида қилган хулосасига кўра, эслаш, соғиниш, қўмсаш одамга ҳаётини маънан ва мазмунан бойлигини ҳис қилишда ёрдам беради. Янги йил фильмлари эса ностальгия, яъни қўмсаш ҳиссини ошириб, эмоционал кўтаринкиликка олиб келади.
Хавотир, низо, аразни бартараф этади
Дарҳақиқат, уй ва арчани безаш, магазинга югуриш, болалар "арчаси"да иштирок этиш, таом пишириш, яқинларга совға-салом ҳарид қилиш… эҳ-ҳе, қанча завқли ташвишлар. Ғашлик ва хавотирга вақт ҳам қолмайди. Аразлашганлар ярашишишга интилади, деб хулоса қилишади психологлар.
Орзу-истаклар рағбатлантирувчи
Йил якунида одамлар келгуси йил учун мақсад, режалар қўяди: спорт билан шуғулланишни бошлаш, кўпроқ пул тежаш ёки ёмон одатдан воз кечиш. Муҳим қадам учун баъзан вақтинчалик босқич керак ва йил боши бу учун айни муддао. Швейцария олимлари одамлар янги йил режалар қабул қилиши ва уларни бажаришга нима ёрдам беришини ўрганишди. Тажриба йил бошида ўзгаришларга бўлган илҳом ҳақиқий натижалар бериши мумкинлигини кўрсатди. Лекин бунда нафақат янги йил қарорини қабул қилиш, балки уни амалга ошириш учун нима қилиш кераклигини ўйлаш ва режалаштириш муҳимдир.
Совға мия фаолиятига таъсир қилади
Совғаларни қабул қилиш ва тақдим этиш нафақат ёқимли, балки фойдалидир: жараён когнитив функциялар - хотира, эътибор, ўрганиш ва қарор қабул қилишни яхшилайди. Италиялик олимлар талаба дўстлар иштирокида тажриба ўтказган. Улар компьютерда мураккаб вазифасини бажариши, ундан олдин ёки жараёнда совға алмашишлари керак эди.
Натижа шуни кўрсатдики, тадқиқот иштирокчилари совғани топширгач, нафақат бир-бирига муносабати ўзгарган, балки топшириқни аниқроқ бажарган, яъни совғадан сўнг, иккала гуруҳда ҳам когнитив қобилият ошган. Қолаверса, миннатдорчилик ҳисси кайфиятни кўтаради ва мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Г.Холдорова тайёрлади.