Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий ҳарбий таълим муассасаларида битирув тадбирлари бўлиб ўтди

Кеча, 27 июнь куни Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида  навбатдаги битирув маросимлари бўлиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факультети битирувчиларига тантанали суръатда диплом ҳамда кўкрак нишонлари берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирлар юртимизда жорий этилган карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилди.

Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, сенаторлар, депутатлар, шоир-ёзувчилар ва битирувчиларнинг яқинлари иштирок этди.

Тадбирларда сўз олганлар ёш лейтенантларнинг келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Мудофаа вазирининг буйруғига мувофиқ, ҳар бир битирувчи – лейтенантнинг хизмат ўташ жойи, ҳарбий қисмларда тайинланган лавозими олий ҳарбий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўқиб эшиттирилди.

Битирув тантанасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва мусиқий дастурлар намойиш этилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.