Олий таълим фақат мутахассис кадр тайёрлаш эмас, ватанини севувчи шахсни ҳам тарбиялаши керак

Мамлакат ривожи билимли ёшларга бевосита боғлиқ. Инсоннинг шахс сифатида ривожланишида эса болалар боғчаси, мактаб ва олий таълим муассасасининг ўрни жуда катта. Демак, таълимни тарбиядан ажратиб бўлмайди, улар иккиси биргаликда одамни шахс даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Ақлли инсон, бу доимо яхши инсон дегани эмаслигини ҳаётда кўп бора учратганмиз. Шу боис, профессор–ўқитувчилар талабаларга қайси миллатдан эканимизни, елкамизда юртимиз шаъни ва ғурурини кўтариб юрганимизни, миллий қадриятларга содиқ бўлиб, дунёнинг энг илғор тажрибаларидан фойдаланиш лозимлигини, лекин ўзлигини йўқотмасликни мунтазам таъкидлаб келадилар. Олий таълим шунчаки, ўз йўналишида мутахассис кадрлар тайёрлаб бермайди, шунингдек, у ўз ватанини севувчи содиқ фуқароларни ҳам тайёрлаши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устиворлиги масалаларида аниқ тавсия ва кўрсатмалар берилган. Ўқув режаси ва дастурларига маънавият соатларининг киритилиши, ҳар бир олий таълим муассасасида махсус жиҳозланган махсус “Маънавият ва маърифат” масканларининг ташкил этилиши талаба ёшларимизни ватанпарвар шахс сифатида шакллантиришда муҳим роль ўйнаши мумкин.

2021 йил 19 январдаги маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган фикрни илгари сурганди. Жамиятимизда маънавиятнинг роли ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Мисол учун, Европа мамлакатларида ота-она ўз боласига кредит бериши табиий ҳолат ҳисобланади. Фарзанд улғайиб, вояга етгач, албатта, кредитни қайтармаса, жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Суд бу ҳолатда ота-онага ўша суммани фарзанддан олиб беради ва бу уларда оддий ҳол. Биз эса  бу қарашларни онгимизга сингдира олмаймиз. Бу ҳолат бизнинг менталитетимизга мутлақо тўғри келмайди. Демак, шундай хулоса қилиш мумкин: ҳар бир миллатнинг тарбия борасида ўз қарашлари бор.

Ҳамма инсонларнинг туғилиши, яшаши ва бошқа табиий хусусиятлари табиатан бир хил – 9 ой она қорнида ётамиз, оч қолсак овқатланамиз, чарчасак дам оламиз ва ҳоказо. Аммо яшаш тарзимиз ҳар хил, қарашларимиз турлича ва одатларимиз ҳам шундай. Ва ҳудудларга ҳос бўлган мана шу жиҳатлар - одатлар, қарашлар, маданият бизни шахс сифатида, миллат сифатида шакллантиради.

Маънавиятли инсонни мағзи тўқ мевага қиёслаш мумкин. Бундай одамларни йўлдан оздириш, мақсаддан қайтариш қийин. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлигини унутмайди, қайси миллатдан экани ёдида туради.

Яқинда талабаларимиз бир неча ой давомида Европаданинг бир неча давлатлари, хусусан, Германияда малака амалиётини ўтаб қайтишди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, ветеринария соҳаси бутунлай автоматлаштирилган. Инсон омили бу ерда фақат бошқариш учун керак, яъни асосий ишларни машиналар амалга оширади. Лекин талабаларимизнинг бир ҳолати немисларни таъсирлантирди. Улар тарихий жойларга саёҳат давомида бошларида ўзбекона дўппи билан суратга тушишди. Бу кўп нарсани англатиши мумкин.

Ўзбекистон - улуғлар макони, бу ердан буюк инсонлар етишиб чиққан. Халқимиз азалдан оилапарварлиги, ватанпарварлиги, гўзал эътиқоди билан юксак маънавиятли миллат сифатида дунёда тан олиб келинган. Янги Ўзбекистон фуқаролари, айниқса ёшлари ана шу жиҳатни ҳамиша ёдда тутишлари лозим. Маънавиятсиз жамият эса барибир таназзулга юз тутади. Биз ёшларимиз онгига ана шу ҳақиқатларни сингдира олсак, Ренесанс шу дегани.

Худойназар Юнусов,

СамВМИ ректори, биология фанлари доктори, профессор.