Олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 2 бараварга оширилди
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022 йил учун стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ва мақсадли докторантурага қабул квотаси эълон қилинди.
2022 йил учун олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 2 бараварга (2019 йилдагига нисбатан 3.2 баробар) оширилиб, 3600 тага етказилди. Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 1800 та бўлган эди.
Квоталар қуйидаги мезонларга асосан тақсимланди:
- 2021 йилда ажратилган қабул квоталарининг таҳлили;
- Президент Фармон ва қарорлари, баён топшириқлари, Ҳукумат қарори, баён топшириқлари ҳамда устувор йўналишлар;
- ҳудудларда соҳа ва тармоқлардаги илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжлар;
- юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжлар;
- таълим олаётган докторантлар ва мустақил изланувчилар контингенти;
- илмий раҳбарлар ва илмий консультантларнинг самарали ишлари;
- аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича;
- Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясини илмий даражали кадрлар тайёрлаш институтининг аттестация натижалари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги 4996-сонли қарори ижроси юзасидан сунъий интеллект соҳасида таянч докторантура ва стажёр-тадқиқотчиликка жами 28 та мақсадли квоталар ажратилди. Жумладан, таянч докторантурага 14 та, стажёр-тадқиқотчиликка 14 та. Шундан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ихтисослиги бўйича 4 та таянч докторантурага, 6 та стажёр-тадқиқотчиликка мақсадли квоталар ажратилди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида жойлашган олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш учун республиканинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот институтларида 2022 йилда мақсадли докторантурага жами 67 та қабул квота ажратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига биринчи марта докторантурага қабул квоталари ажратилди.
Бунда Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институтига берилган квота хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 545-сон қарори билан Ҳукуматнинг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарорига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимида илмий ва таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар билан қатъий равишда келишган ҳолда илмий ва таълим ташкилотлари кесимида аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларининг самарадорлик кўрсаткичларига асосан қабул квотасини тасдиқлаши келтирилган.
Ошкоралик тамойилларига асосан, шунингдек, бўлажак докторантларнинг истакларини инобатга олган ҳолда, жорий йилда илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизимида давлат бюджети маблағлари ҳисобига ўқитиш бўйича 2022 йил учун қабул квоталарининг илмий ва таълим ташкилотлари бўйича ихтисослик кесимида тақсимоти ҳам илк бора кенг жамоатчиликка эълон қилинди. Тақсимот билан вазирлик веб-сайтида танишишингиз мумкин.
Давлат бюджетидан илмий ва таълим ташкилотлари аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларининг самарадорлик кўрсаткичларига асосан тақсимланган қабул квоталаридан ортиб қолган ўринлар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қайта тақсимланади.