Ортиқча дабдаба учун солиқ тўланиши керак

Айниқса, сарпо-суруқларнинг йилдан йилга кўпайиб бораётгани, тўй қиламан, дея ота-оналар ёш фарзандларини чет элга жўнатаётганини ҳам кўп кузатамиз. Хўш, бу ҳолатларни қадриятимиз деб аташ тўғримикан? Туман аҳли орасида тўйини ўз ҳудудидаги ресторанларда ўтказишни истамай, шаҳардаги номи чиққан масканларда нишонлашга интилаётганларни ким деб аташ керак?

Фарзанд ҳақидан тўй қилиш мумкинми?

Кейинги йилларда оилалардаги муҳитга салбий таъсир қилувчи яна бир иллат пайдо бўлган. Хорижга, ўз оиласи моддий аҳволини яхшилаш, уй-жой қилиш учун кетган ўғил у ёқда ишлаб топган маблағини ота-онасига жўнатади. Ота-она эса бу маблағни ҳеч иккиланмай, кейинги фарзандларининг дабдабали тўйига сарфлаб юбормоқда. Қизи учун мебелдан тортиб кир ювиш машинасигача олиб бераётгани, ўзларининг таъбири билан айтганда, бекаму кўст, элдан кам қилмай, қиз узатиб, ўғил уйлантираётган ота-оналар фарзанди ҳақига хиёнат қилмаяптимикан? Аксарият ҳолларда мана шундай тарзда тўй ўтказган оилаларда келишмовчиликлар, ажралишлар содир бўлаётир. Ота-оналар фарзандининг хорижда минг қийинчилик билан ишлаб топган пулини ишлатишга ҳақимиз бор, деб ҳисобласа-да, ўша ўғилнинг кўнглига қўл солиб гаплашиб кўрсангиз, норозилигини ҳис қиласиз. Ҳақиқатан ҳам тўй қиламан, дея ҳашамга берилган ота-она бир фарзандига жабр қилиш орқали бошқасини бахтли қила олмаслигини тушуниб етиши лозим.

Ажримга хизмат қилаётган мебель

Яна бир оғриқли масала – келиннинг мебель билан келиши аллақачон анъанага айланган. Бир пайтлар қизнинг ўз қўллари билан тиккан кашталари, ёстиқлари келинчак уйининг безаги эди, ҳозир туманларда ҳам замонавий мебель қизнинг асосий сепига айланиб бораётир. Шу матоҳ туфайли ажрашиб кетаётган оилалар қанча. Яқинда бир оилани яраштириш учун бордик. Куёв, оила аъзоларининг айтишича, келин бир неча марта онасиникига аразлаб кетган экан. Орада арзирли гап йўқ. Охирги марта эса юк машинаси чақиртириб, мебелларигача олиб, ота уйига қайтган. Келин томон билан гаплашсак, «Энди булар ярашмайди, элни олдида кўч-кўрони билан қайтди-ку», - дейди. Не ниятлар билан сотиб олинган бу матоҳ оиланинг ажрашиши учун хизмат қилаётгани ачинарлидир. Бошқа туманларда ҳам шундай воқеаларга гувоҳ бўлганмиз. Аччиқ устида юк машинасига ортилган мебель кейинчалик ҳақиқатан ҳам оилавий ажримларга сабаб бўлаётир.

Солиқ ундирилиши лозим

Пайариқ туманида 70 га яқин маҳалла бор. Тўйларни ихчам ўтказиш учун доим тарғибот ишлари олиб борилади. Аммо маҳалла фаолларининг бундай тарғиботларига «Сизларга нима?» қабилида муносабат билдираётганлар сони кўпроқ. Эҳтимол, тўйни қандай ўтказиш ҳар кимнинг шахсий иши, деб ҳисоблармиз. Ундай бўлса, мазкур масалада қонуний асос бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз. Хусусан, 200 кишидан ортиқ тўй ўтказмоқчи бўлган оилалар давлатга қўшимча солиқ тўлаши керак.

Халқимиз азалдан катта маросимларни эл билан келишган ҳолда ўтказган. Кимгадир зиён етказиш, кўнглини оғритишдан қўрққан. Кейинги йилларда дабдабанинг кўз-кўз этилаётгани шу қўрқув камайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шунинг учун ортиқча дабдаба истаётганлардан тегишли тартибда солиқ ундирилиши ҳамда ушбу маблағ кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида ажратилиши мақсадга мувофиқ.

Фарида АХТАМОВА,

вилоят Кенгаши депутати.