Остеохондроз хуруж қилса: мутахассис маслаҳат беради
Бугунги кунда сайёрамизнинг 85 фоиздан кўпроқ аҳолиси умуртқа поғонаси остеохондрози касаллигидан азоб чекади. Айниқса, Япония, Швеция, Буюк Британия, Чехия каби давлатларда ушбу касаллик асоратлари сабабли ногиронлар сони анча ортган. Беморларнинг аксарияти умуртқа поғоналари орасидаги гардиш (диск)нинг емирилиши касаллигига чалинган. Тиббиёт соҳасида вертебрология йўналиши пайдо бўлиши билан ушбу хасталикни самарали даволаш усуллари топилди. Юртимизда ҳам остеохондрозни самарали даволаш бўйича вертебрология илмий-амалий марказлари фаолият юритмоқда.
Умуртқа поғоналари орасидаги гардишнинг лат ейиши натижасида беморда кучли оғриқ пайдо бўлади. Оғир юк кўтариш ёки белнинг яллиғланиши натижасида унинг фаолияти издан чиқа боради. Шунингдек, умуртқа поғонаси канали ичидан орқа мияга ўтадиган тирқишнинг торайиб қолиши ва бошқа яллиғланишлар таъсирида ҳосил бўлган шишлар белда кучли оғриқни келтириб чиқаради.
Умуртқа поғонасининг кўкрак, бел ва думғаза атрофи ҳамда бўйин остеохондрозлар фарқланади.
Кўкрак остеохондрози жуда суст оғриқлар билан кечиб, беморни кўп безовта қилмайди. Лекин ўз вақтида бартараф этилмаса, бошқа касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Беморлар кўп вақт ўт-тош хасталикларидан даволанади, лекин, синчиклаб текшириб кўрилса, бу касалликка "туртки" берган айнан кўкрак остеохондрози бўлиб чиқади.
Хўш, бу касалликни беморнинг ўзи ҳам аниқлаши мумкинми? Агар чуқур нафас олганда кўкракда оғриқ сезилса, ўнг қўлни кўтарганда қўлтиқ ёки қовурғаларда ноқулайликлар вужудга келса ёки беморга кўкрак остида босилиш, қисилиш ҳислари юз бераётгандай туюлса, дарҳол шифокорга кўриниши шарт.
Умуртқа поғонасининг бел ва думғаза остеохондрози кўпинча меъёридан ортиқ юк кўтариш, қалтис ҳаракат қилиш натижасида юзага келади. Белдаги умуртқалараро тешикдан чиқувчи асаб томирлари қисилиб, қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Хуруж пайтида оғриқ бутун танага ёйилиб, ҳатто беморнинг товони ҳам оғрий бошлайди. Оғриқнинг тез-тез кучайиб туришидан чўчиб, бемор букчайиб юришга мажбур бўлади. Доимо букчайиб юравериш эса жигар, ўт, ўпка, юрак ва бошқа ички аъзоларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бора-бора умуртқа поғонаси қийшайиб қолиши мумкин.
Остехондроз икки усулда - дори-дармон ёки жарроҳлик йўли билан даволанади. Ноинвазив усулида даволанганда беморнинг умуртқа поғонаси чўзилади. Шунингдек, даволаш жисмоний бадантарбия машқлари ва уқалаш муолажаси билан ҳам бажарилади. Оғриққа қарши дори-дармонлар тавсия этилади. Белга парафин, электрофарез, диадинамик ток қўйилиши, шунингдек, родон сувли ванна қабул қилиш ҳам фойда беради.
Бўйин остеохондрозида асаб илдизчаларида оғриқлар нервнинг ўткир яллиғланиши, елкада пайдо бўладиган оғриқ ҳамда бўйин радикулити кузатилади. Елка ва бўйин атрофи оғрийди, ҳаракатланганда оғриқ кучаяди, шунингдек, қўлда чумоли ўрмалагандек бўлади. Бўйинни уёқ ва бу ёққа буриш чоғида қисирлаш эшитилади. Қўл панжаларида совуқлик ва увишиш сезилади, кўкрак, айниқса, юракда оғриқ бўлиши мумкин. Оғриқ умуртқалардаги нерв толаларининг қисилиши туфайли содир бўлиб, бўйин, елка ва қўлга тарқалади. Баъзан оғриқ енгил даражада, худди "ток урган"дек бўлиши ҳам мумкин. Йўталганда, қўлни қимирлатганда, бўйинни ён тарафга бурганда зўраяди. Спинал синдром эса умуртқадаги диск чурраси билан боғлиқ ҳолда кечади. Чунки диск чурраси орқа мияни қисиб қўяди. Оқибатда беморда сезгининг бузилиши, қўл-оёқлар фалажланиши, қувватсизлик рўй беради. Бу дард аёллардан кўра эркакларда кўпроқ, айниқса, 50 ёшдан ошган кишиларда кузатилади. Аслида бу синдромни "бўйин стенокардияси" дейиш мумкин, чунки бунда бемор бошини бурганида, қўлини юқорига кўтарганда ёки акса урганида юрак соҳасидаги оғриқ кучаяди, хуруж эса 1,5 - 2 соатча давом этади.
Уқалаш ва даволаш машқлари эса бўйин-елка соҳасида қон айланишини яхшилаб, мушаклар тонусини меъёрга келтиради. Бунда касаллик анча енгил кечади ва беморни ортиқча безовта қилмайди. Физиотерапия усуллари жуда фойдали, бундай даво муолажалари поликлиника шароитида ҳам амалга оширилади. Агарда бемор бош миясида қон айланиши бузилиши, орқа мия қисилиши, қўл-оёқлар фалажланиши ҳолатларида жарроҳлик амалиёти қўлланади.
Абдуваҳоб ҚАРШИЕВ, республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бўлим бошлиғи.