“Охранка”ни титратган мақола

Ҳақиқий публицистни “жамият табиби” дейдилар. У жамиятнинг қаерида қандай “дард”и борлигини билиши ва “даволаш” йўлини кўрсатиб бериши лозим. Акс ҳолда, табиб деган номга нолойиқ ҳисобланади. Маҳмудхўжа Беҳбудий худди шундай “табиб”лардан бири эди.

У ўзи яшаган жамиятдаги барча иллатларни, жумладан, Туркистоннинг мустамлака бўлиш сабабларини ҳам ўз мақолалари, нашрлари орқали кўрсатиб берган публицистдир. Унинг ўша қаттол замондаги қуроли ҳеч эскирмайдиган маърифат эди.

Беҳбудий барча фикрларининг таначаларини, қонини маърифат билан тўлдирди. Маърифатни эса ҳеч кимса инкор эта олмаслигини у биларди. Шунинг учун бу байроқни баланд кўтарди.

Унинг илк чиқишларида “жуғрофия” мавзуи кўп учрайди. Бора-бора янги мактабларда уни фан сифатида ўтиш лозимлигини уқтиради. Ўзи эса биринчилардан бўлиб бундай дарсликни яратади. Беҳбудийнинг жуғрофияга оид китобларини ҳам маърифий публицистик асарлари қаторига қўшиш мумкин.

Мисол тариқасида 1906 йили Санкт-Петербургда чоп этилган “Мунтахаби жуғрофияи умумий” китобига мурожаат қиламиз. Беҳбудий нега жуғрофия дарсининг янги мактабларда ўқитилишида собит туриб олди? Бу дарснинг замирида нима бор эди?

Келинг, аввало сўзнинг маъносини Беҳбудийнинг мазкур китобидан оламиз: “Жуғрофия” деган сўз юнон луғати арабийға таъриф арзи маъносига, яъни ер ва туфроқни баён қилатурғон илмнинг отидур. Жуғрофия илмини неча нафъ фойда ва баёнлари бўладур”, деб бу фаннинг сиёсий, тарихий, диний фойдаларини батафсил очиб беради. Беҳбудий жуғрофия ва тарих ҳақидаги фикрларини матбуотда ҳам давом эттиради. Хусусан, бир мақоласи “ТВГ”нинг 1905 йилги 12-13-сонларида “Жуғрофия илми” сарлавҳасида босилиб чиқди. Бу пайтдан бошлаб биз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг матбуотда фаол қатнаша бошлаганининг гувоҳи бўламиз. Ушбу мақола жадид мактабида ўқитилаётган ва кўп тазйиққа учраётган жуғрофия дарси ҳақида ёзилган бўлиб, унинг ҳаёт учун муҳимлигини муаллиф жуда ишонарли фактлар билан исботлаб берди: “3 минг санадан бери йилдан-йилга ривож топиб бир неча асрдин бери ниҳоят мартабада тараққий қилиб, нафъ бўлиб, ҳатто ҳозирги санаға болалар мактабиға ҳам ушбу илмни муқаддимасидан бошлаб дарс берадурлар. Дунёда тургувчи одамни ал-фунунлариға ўқиладурғон мўътабар ва кераклик илм ва фунунларни бири ушбу жуғрофия илмидур”.

Янгиликни мутаассиблар қабул қила олмас, уни турмушга олиб кириш учун эса тушунарли, ишончли ва мўътабар фактлар кўрсатилиши лозим эди. Бу ишни Беҳбудий жуда оддий ва ибратли далиллар орқали уддалаган, яъни ўша пайтда араблар қиладиган ишлар ерли халқ учун жуда ибрат бўла оларди: “Ҳатто Арабистон аҳли ўқийдур. Камина рақами ҳуруф вақтики Мадинаи мунаввара ва ҳарами Набавийя зиёратиға мушарраф эдим, кўрдумки, мактаблариға илми диния ила баробар замони ҳолияни кўрган илм ва фунунлари ушбу жуғрофия фани ўқиладур. Ҳарами шариф ичидаки мактаб ибтидои араб шогирдлари бизни Руссия мамлакатидаки баҳри Ҳазар — Каспий денгизи, яъни Красновудск ила Боку ораларидаки кўл, денгизни аҳволи жуғрофия, тул арз умқ (чуқурлик - Ҳ.С.) мавқеи атрофидаги мамлакати ва ҳавосидан баҳс қилуб, ўқуб турғонларини кўрган шоҳидлардан бизни Самарқандда бордур. Ҳар шаҳарда ҳам кўрган киши бўлса керак. Араблар юнон тилларидан таржима қилиб, сўнгра ўзларидан қўшибдурлар. Тараққийларига барча қаторига ушбу ҳам ривож бериб, мусулмон уламо ва сайёҳ донишмандлари бир неча китоблар ушбу илмға тасниф қилиб ҳам нафъ олганлари тарих ва жуғрофия китоблари ила собитдур”.

Публицист халққа таъсир этишнинг барча йўлларидан фойдаланади. Чунки танбал уламонинг ҳеч бўлмаганда ушбу китобни бир ўқиб чиқишларини истайди. Танбаллик шу даражада эдики, бидъатчиларнинг биргина гаплари билан ҳар бир мусулмон чўчқа гўшти ушлагандек, тақиқланган китобдан ҳазар қиларди. Керакли ёки кераксиз жиҳатларини кўрсатиб беришдан аввал уни одамлар ўқишлари лозим эди.

Демак, уламони уйғотиш учун у матбуот орқали чиқиш қилиши, чиққандаям ишонарли мисоллар билан унинг афзаллигини кўрсатиб бериши зарур эди. Жумладан, маҳаллий халқнинг пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ватанига бўлган муҳаббатини билган Беҳбудий у ердаги янгиликлар орқали ўз халқини ушбу фанга, яъни ўз юртини билишга қизиқтиради, чорлайди.

“Ер юзидаги тамоми подшолар, миллатлар, фирқа барча подшоларни мамлакатини ва саътий ва ҳудудий фуқаросини(нг) ададини қувваи аҳволидан мазҳаби оян, қувваи тижорат, саноат ва бошқа одамизотга тааллуқ ишлар жамият башарияси, пайдо ҳаводис (ҳодисалар - Ҳ.С.) ва мухтариотларни (ихтиролар - Ҳ.С.) аксари ушбу илмга баён бўлуб, жуғрофияи имроний, жуғрофияи сиёсий ва бошқа исмлар ила аталадур. Инчунун, ерни, денгизларни аҳволи бу масоҳати умқий, саҳни, ер ва шакл ваҳийятға эканлиги, осмон, офтоб, ой ва бутун юлдузлар ила орасига бор муносабати, ер нима устига ва қандай турганлиги, кеча ва кундузни ихтилофи, тўрт фаслни(нг) сабаби ва жуди (саховати - Ҳ.С.) бизға кундуз бўлуб турганда... муқобилдаки Америка қитъасиға оқшом ҳукм қилиб тургани ерни бир нуқтаси” эканлигини таъкидлайди.

Шу каби маълумотлар авом учун жуда катта ахборот ҳисобланарди. Беҳбудий бу илмни ўрганиш учун нега жон куйдирди? Бу ҳақдаги фикрларини доим парда остида айтиб юрган публицист 1908 йили жадид мактабларига қолоқ уламо томонидан ҳужумлар кучайгач, очиғини ёзишга мажбур бўлди. Бу мақола ҳақида фикр юритишдан аввал Беҳбудий ҳаётидаги айрим воқеалар хусусида ҳам тўхталамиз.

1908 йил Беҳбудий мақоланавислигининг энг сермаҳсул давридир. Бунга 1907 йил унинг учун саёҳат йили бўлганлиги, хусусан, Россиянинг Санкт- Петербург, Қозон шаҳарларига борганлиги, шунингдек, Фарғона вилоятидаги аҳвол билан танишиб, тараққийпарвар, юрт озодлиги учун кураш истагида ёнган инсонлар билан фикр алмашганлиги бу ижодга замин яратади. Ушбу саёҳатлар таъсири ва Туркия давлатида содир бўлган ички инқилоб Беҳбудийнинг келажакка бўлган ишончини бир қадар кучайтиради. “Муҳораба мусулмонларга ёқарму?» (1908 йил, 15-сон), “Баёни маъзурат” (1-сон), “Баёни ҳол” (19-сон), “Бир афсуслик хабар” (30-сон), “Мажлиси имтиҳон” (33-сон), “Мутолаахона” (48-сон), “Қабристони муслимин” (51-сон), “Қонун” (63-65-сонлар), “Таърих ва жуғрофия” (90-сон), “Тавзеҳ” (94-сон) каби йигирмага яқин мақоласи “Туркистон вилоятининг газети”да босилиб чиқади. Маҳаллий тилни яхши билган газета муҳаррири Н.Остроумов шу йили тараққийпарварлар билан қадимчилар ўртасида нифоқ учун майдон очади. Бунда муҳаррир икки томоннинг ҳам фикрини очиқ беради. Масалан, Раҳматулло Раҳим жадид мактабларига қарши “Бузуқ мактаб боласи усули жадида” сарлавҳали мақоласи билан чиқади.

Газетада фикрини айтиш учун имконият яратиб берганлиги учун муҳаррир шаънига илиқ сўзлар айтиш мумкиндек кўринади. Лекин унинг бу “ҳур фикрлилиги” замирида тараққиётга интилаётган маҳаллий зиёлиларни ва ортодоксал мусулмончиликни сақлаб қолишни ўйлаган қадимчиларни бир-бирига зид қўйиб, улар орасига ихтилоф солиш нияти борлигини ҳам сезиш мумкин. Иккинчи томондан, у газетасини мусулмон зиёлиларига очиб беришга мажбур эди. Чунки 1906-1907 йилларда чиққан “Тараққий” газетаси ва издошларининг ёпилишига Н.Остроумовнинг шахсий мулоҳазаси асос бўлганди.

Баҳслар шу даражага етадики, муҳаррир айрим мақолаларга сўзбоши ёзиб, муаллиф ёки унинг мақоласининг “попугини пасайтириб” ўқувчи муҳокамасига ташлашга мажбур бўлади. Улардан бири Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” мақоласидир. Мақола катта шов-шувга сабаб бўлган. У тезликда “Охранка” томонидан таржима қилинган. Бу таржима ва изоҳ Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланмоқда. Тўғри, Беҳбудий мақолани жуда мураккаб тилда ёзган. Унда араб, форс сўзлари кўп ишлатилган, устига-устак, жумлалар ҳам жуда узун. Беҳбудий публицистикасида атай мураккаб тилда ёзилган бундай мақолалар, оз бўлса-да, учраб туради. Масалан, “Самарқанд” газетасининг охирги сонларидан бирида босилган “Миллатнинг бошчиси талаб киромға” мақоласи ҳам юқоридагилар сирасига киради. Яъни, улар миллатнинг илмли кишиларига қаратилган мурожаатдир. Хўш, Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” мақоласида нималар ёзилган? Нега уни “Охранка” тезлик билан таржима қилдирди?

Бунга сабаб, жадид мактабларига қарши ёзаётган, гапираётганлар фикридан, аниқроғи, Беҳбудий ўзини нодонга чиқаришганидан таъсирланганидир. Шунча йил халқни уйғотиш учун ўз маблағига китоб ва мақолалар ёзиб, меҳнат қилиб, пул сарфлаб мактаблар очса-ю, ишининг моҳиятини қадимчилар, таъбир жоиз бўлса, халққа сўзи ўтадиган зиёлилар тушунмагач, у рус зуғумидан ҳам қўрқмай жуғрофия фанининг зарурати соясида масаланинг моҳиятини очиб беради: “чунки бугунги талаба, кўрамиз, эртага илмли аъзомиз бўлурлар. “Кабират бамувт ал-Кубарро” ҳукминча ояндадаки киборимиз — бугунги гуруҳ сағиримиздин (ёш болалар, кичкиналар — Ҳ.С.) ташкил топилур керакки, бунлар ва асл замонадин ва асл замонамизни бизим бобдаки афгорларидан (яра, жароҳат — Ҳ.С.) огоҳ бўлсунлар. Аҳли замонамизни яҳудий, армани ва ўзга ажнабий ҳаммамлакатларимизни тараққийи миллий ва илмий ва маданияларидин ва биз, мусулмонларга қаю йўл ва сабаб ила ғалаба қилгонларидан бехабар бўлуб, аларға балки мағлуб бўлмаслигимиз йўлларини, лозимдурки, билсунлар, билиб муқобала бўлмаслик қоидасинча ҳаракат қилуб, дин ва миллатимизни сохласунлар”.

Дин ва миллатни сақлаш — асосий вазифа. Бунинг учун эса ўзгаларга мағлуб бўлганимиз сабабини англамоқ, қолаверса, энди уларга ютқазмаслик, муте бўлмаслик йўлларини ўйламоқ даркор. Бунинг учун мустамлакачи ҳукуматга очиқ қарама-қарши турмай, армон бўлиб келаётган илмли жамият қуриш учун қайғурсинлар, деган хулосани айтади. Бунинг учун ўтмишда боболар мавқеи қай даражада бўлганлигини кўрсатиб беради. “Замони собиқда жисмоний ва руҳоний ва маънавий қалъа ва ҳудудларимиз бор эдики, алар сабаби-ла миллат ва динимиз муҳофаза ва маросими малфуф (ҳимояланган, ўралган) қолур эди.

Ҳозирги замонга на ҳад қолди, на ҳудуд, на қалъа қолди. Замони илм ва маориф бўлди. Илмсиз миллат, илмсиз қавм асир ва заиф қолур. Илмсиз давлатни фойдаси йўқ, илмсиз дунёни ҳаёти йўқ, агар бўлса-да, саботсиз, бу илмлардан ёлғуз сарф ва наҳв, мантиқ, калом ва фиқҳ эмас, балки алар устига ҳикмат, сиёсат, таърих, қадима ва жадида илм ва аҳволи замони ҳозира ва алсанаи муҳовара (суҳбат — Ҳ.С.) ҳам пругром таълим ва тадрисимизға керак. Дохил булсун, токи дунёи кўҳнамиз ва дини мубаййини (баён — Ҳ.С.) ислом ва онинг таърихи тараққийси ва тарвиж ва нияти ва бутун гиреҳи (қейинчилик — Ҳ.С.) арзига интишорини (ёйилиш, тарқалиш -Ҳ.С.) билиб ва салафи киромимизни илм тўғрисиндаки ғайрат ва сарф ҳимматларидан ғайрат ҳосил қилайлук. Сўнгра уч-тўрт асрдан бери бутун олами исломға воқеъ бўлган таназзул ва интиҳот (тушкунлик, сустлик — Ҳ.С.) ва идборга (бахтсизлик, иши олдинға бормаслик — Ҳ.С.) воқиф бўлайлук ва анинг даво ва чорасиға жустижў (қидириш — Ҳ.С.) этойлук”.

Бу кўчирмани ўқиб, худди шу аҳволда қолган ва XX асрнинг ўнинчи йилларида тараққиёт учун илмий замин — маорифини ривожлантиришга интилган Япония кўз ўнгимизда гавдаланади. Беҳбудийнинг бу йўли орқали ҳаракат қилганимизда биз ҳам Япониядан ортда қолмаган бўлармидик...

Беҳбудий ўзининг жуғрофия китобларида ҳам, мақолаларининг кўпчилигида ҳам мана шу кўчирмадаги фикрни турли шаклларда ифодалайди, яъни “илмсиз қавм, илмсиз миллат асир ва заиф қолур” ёки “илмсиз давлатни фойдаси йўқ, илмсиз дунёни ҳаёти йўқ” ва шу каби тушунтиришларидан сўнг “шундай қудратли давлат нега ўзга юртнинг тасарруфига қолганлиги ҳақида ўйла”, деган савол-ўгитни ўртага ташлайди.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)