Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи, жаҳонда 8-ўринда
Гап Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботи якуни ҳақида бормоқда. Унда Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон биринчи бор кучли ўнликка кирди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси
Ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, хусусан, мустақилликнинг дастлабки йилларида корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш 10 кунгача муддатда амалга оширилиб, 7 турдаги ҳужжатлар талаб қилинган. Тадбиркор ҳали иш бошламасдан туриб, ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни рўйхатдан ўтказиш учун бироз вақт ҳамда ортиқча маблағ сарф қилишига тўғри келарди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестридан маълумотлар берилганлиги учун ундириладиган давлат божлари ва йиғимлар ставкалари ҳам анча юқори эди.
Жумладан, аввалги тартибга кўра давлат рўйхатидан ўтказилганлик учун хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналардан – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, шунингдек, 500 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланиши белгиланган эди. Кейинчалик бу тартибга ўзгартириш киритилиб, тадбиркорлик субъектининг ўзи келиб топширганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 32 баравари, интернет орқали рўйхатдан ўтганда эса 16 баравар этиб белгиланди.
Бизнес муҳитини янада яхшилаш йўлидаги ҳаракатлар
Ҳукуматимиз томонидан айни шу жиҳатлар алоҳида эътиборга олиниб, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилди ва ушбу йўналишда қатор қонун ҳужжатларига қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритилди.
Бугунги кунда тадбиркорлар томонидан давлат хизматларини олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. 2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди.
Шу билан бир қаторда, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига бўлган минимал талаблар камайтирилиб,
600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача пасайтирилди. Қолаверса, хорижий иштирокчининг фақат юридик шахс бўлишига доир талаб бекор қилиниб, уларнинг улуши 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилди.
10 та йўналиш орқали имкониятлар янада кенгайтирилди
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилаш билан боғлиқ Президентимиз қарорида Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш борасида қатор енгилликлар яратиш назарда тутилган. Асосийси, ушбу қарор билан қатор бюрократик тартиблар бекор қилинди. Электрон ҳужжат алмашинувига кенг йўл қўйилиб, ҳиссадорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.
Эндиликда республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган давлат хизматлари марказларида нафақат юридик, балки жисмоний шахсларга тезкор, қулай ва шаффоф тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бу борада Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) марказларида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, марказлар томонидан 2018 йилда аҳолига
478 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлиги ҳисобига жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ушбу кўрсаткич
820 мингтани ташкил этди.
Марказлар томонидан 2019 йилнинг ўтган давр мобайнида 23088 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Хорижий инвесторлар учун виза режими соддалаштирилди
2019 йил 1 мартдан хорижий инвесторларга соддалаштирилган виза режими ташкил этилди. Эндиликда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти билан амал қилиш муддати уч йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси соддалаштирилган тартибда 10 йил муддатга берилади.
Тадбиркорлар банк ҳисобрақамини онлайн тарзда очиши мумкин
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб тадбиркорлар учун банк ҳисоб рақамини масофадан туриб очиш имконияти яратилди. Бунда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар ўзига маъқул банкни танлайди ва
5 дақиқа ичида банк ҳисоб рақамини очади. Бунинг икки усули, яъни давлат хизматлари марказларига ташриф буюриш ёки fo.birdarcha.uz орқали электрон хизматдан фойдаланиш мумкин.
Экстерриториал тамойил кенг имкониятлар эшигини очиб берди
2019 йил 1 апрелдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олиши белгиланди. Яъни, фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Бу хизмат барча хизмат турлари учун ташкил этилган.
Масалан, республикамизнинг исталган шаҳрида фаолият юритишни мақсад қилган тадбиркор ўз яшаш ҳудудидаги марказлардан туриб ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Улар фақат фирмаларни рўйхатдан ўтказиш соҳасига татбиқ этилмайди.
Масофадан туриб олдиндан навбатга ёзилиш мумкин
Жорий йилнинг 1 ноябридан юридик ва жисмоний шахсларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Олдиндан навбатга ёзилиш” функциясининг ишга туширилиши фуқароларга ДХМга ташриф буюриш учун мос келадиган кун ва вақтни олдиндан танлаш имкониятини беради.
Навбатда жойни бронлаш учун www.davxizmat.uz сайтига кириб, ўзи жойлашган жойни белгилаш кифоя. Ушбу тизимнинг яна бир ўзига хос жиҳатларидан бири эса хизматдан фойдаланган фуқароларимизга автоматик тарзда ўзи яшайдиган ҳудудга яқин жойлашган ДХМни таклиф қилишидир. Мурожаатчи шу яқин орада фаолият кўрсатаётган марказни танлаб, зарур хизматни белгилайди ва рақамли навбат чиптаси шакллантирилади.
Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг барчаси фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишни янги сифат босқичига кўтаришга, аҳолининг давлатга нисбатан ишончини оширишга, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғояни ҳаётга жорий этишга кўмаклашади.
М.ҚУРБОНОВ,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи.