Ўзбекистон Мусулмонлари идораси метрополитен қурилишида аянчли вафот этганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Азиз юртдошлар, ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб вафот этса, шаҳидлик мақомини топиши таъкидланган.

Динимизда ўтганларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади.

Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошлармизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.