Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг II форуми ташкил этилди
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Ўзбекистон-Қирғизистон ректорларининг II форуми ўз ишини бошлади.
Анжуман “Замонавий босқичда Ўзбекистон ва Қирғизистонда олий таълим ва фанни ривожлантириш хусусиятлари” мавзусида ташкил этилди. Унда Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева бошчилигида ташриф буюрган 30 га яқин олий таълим муассасаси ректорларидан иборат делегация ва Ўзбекистон томонидан 30 дан ортиқ олийгоҳ раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари қатнашди.
Форумда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ўзаро ўқув жараёнларини ташкил қилиш, таълим сифатини ошириш, стажировка ўташ, малака ошириш ва илмий фаолиятдаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, туризм, геология, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, рақамлаштириш ва сунъий интеллект йўналишларида кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбой Шарипов ҳамда Қирғизистон таълим ва фан вазири Кендирбаева Догдуркул очиб берди.
– Бугунги каби қўшма конференция, семинар ва форумларнинг ўтказилиши илғор тажриба алмашиш, университетларимиз ўртасидаги дўстона ва касбий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Кейинги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари қўшма таълим дастурларни йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотлар бўлиши мумкин.
Буларнинг барчаси мамлакатларимизга замонавий жамият олдида турган мураккаб вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш имконини беради, – деди вазир Қ.Шарипов.
Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева биргаликдаги саъй-ҳаракатлар олий таълим ва илм-фан соҳасида янги ютуқ ва муваффақиятларга олиб келишига ишонч билдирди.
– Бугун дунёда долзарб бўлиб турган озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш каби масалаларни форум ишида муҳокама қилиш жоиз деб биламан. Биз биргаликда таълим, илм-фан, туризм каби соҳаларни ривожланитиришимиз лозим. Университетларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришимиз, бу борада йўл харитаси ишлаб чиқишимиз керак – деди у.
Шундан сўнг икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари ўз маърузалари билан чиқиш қилди. Маърузаларда бугун энг асосий мақсад юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимининг барқарор ривожланишига эришиш экани, бунинг учун эса, энг аввало, меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинадиган йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашда университетларнинг ўзаро алоқаларини янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бунда, шунингдек, илғор хорижий тажрибалар асосида олий таълим сифатини ошириш, мунтазам ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиб бориш муҳимлиги таъкидланди. Академик мобиллик, қўшма илмий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Форум ўз ишини шуъба йиғилишларида давом эттириб, музокараларда “Таълимни бошқариш сифатини ошириш”, “Тиббий таълим соҳадаги янги технологиялар”, “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект: олий таълимни ишлаб чиқариш трансформацияси” мавзуларидаги долзарб масалалар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Конференция доирасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ўзаро ўқув жараёнларини ташкил қилиш, таълим сифатини ошириш, стажировка ўташ, малака ошириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш йўналишларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш юзасидан қатор англашув меморандуми, битим ва йўл хариталари имзоланди.
- Университетимиз форум доирасида Қирғизистон давлат университети, Иссиқ-кўл давлат университети, Ўш давлат университети билан фан ва таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми тузди, - деди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Дилмурод Насимов. – Ушбу ҳамкорлик битими нафақат келажакда олий таълим муассасаларининг ривожига ҳисса қўшади, балки қўшни давлатларнинг ўзаро дўстона алоқаларини мустаҳкамлайди.
Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган изчил мақсадли чора-тадбирлар натижасида нисбатан қисқа вақт ичида муайян муваффақиятларга эришилди. Хусусан, 2016 йилда мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони 72 та бўлган бўлса, бугунги кунда 210 тага етди. Уларнинг 67 таси нодавлат университет, 29 таси хорижий олий таълим муассасалари филиалларидир. Бунинг ёрдамида мамлакатда олий маълумот олиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш мумкин бўлди.
2023-2024 ўқув йилида ёшларнинг олий таълим муассасаларига жами қабул қилиниши 2016 йилдаги 9 фоизга нисбатан 42 фоизни ташкил этди. Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркиби яхшиланди. Хусусан, таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти 2016 йилда бу кўрсаткич 31 фоиздан сезиларли даражада ошиб, 41 фоизга етди.
Ҳозирда Қирғизистон университетлари билан 120 га яқин шартнома ва меморандумлар мавжуд. Улар икки мамлакат олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларининг турли илмий анжуман, семинар ҳамда учрашувларда, шунингдек, Европа таълим лойиҳаларида биргаликда иштирок этиши, илмий мақолалар чоп этишни ўз ичига олади.
Бир-бири билан фаол ҳамкорлик қилаётган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон миллий университети, Фарғона ва Андижон давлат университетлари, Тошкент кимё-технология институти, Наманган қурилиш институти, Қирғизистон томонидан Ўш давлат университети, Қирғиз-Ўзбек университети, Талас давлат университети, Қирғизистон давлат техника университети ва Боткент давлат университетларини мисол келтириш мумкин.
Ўқитувчилар алмашинуви дастури доирасида Қирғизистон олий ўқув юртларидан 100 га яқин мутахассис Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Андижон машинасозлик институти, Урганч давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Навоий кон-технология университетларида фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда хорижлик абитуриентларни, шу жумладан қўшни Қирғизистон фуқароларини ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида республика олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш уларнинг касбий қизиқишлари ва шахсий мотивациясини аниқлаш мақсадида фақат суҳбат орқали амалга оширилмоқда.
Форумнинг биринчи куни якунига етди. Эртага Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат тиббиёт университети фаолияти билан танишади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.