Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳақида фильм суратга олинмоқда

"Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ижод студияси” томонидан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти билан ҳамкорликда “Муҳаммад Юсуф: Улуғимсан, Ватаним!” бадиий-публицистик ҳужжатли фильми суратга олинмоқда.

Мазкур фильм Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, унда таниқли ижодкорларнинг интервьюлари ва хотиралар ўрин олган.

Шунингдек, шоирнинг шартли образи орқали ижодий кайфияти, изтироблари, ёзиш жараёнлари манзараси ёритилади. Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган қишлоқ, 1970-1990 йиллардаги адиблар анжуманлари, газета ва журналларда чоп этилган шеърлари, ўзининг иштирокидаги видео хроникал тасвирлардан фойдаланилади.

Фильм сценарий муаллифлари - Иқбол Мелиқўзиев, Достон Ҳожиматов, постановкачи режиссёр - Иқбол Мелиқўзиев, бадиий раҳбар - Иброҳим Йўлдошев.