Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ишлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама этилди
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида “Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда юртимиздаги давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, Вена шаҳридаги Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи мамлакатларининг доимий вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори К.Алламжоновнинг “Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масалалари” тўғрисидаги, агентлик директори ўринбосари С.Мирзиёеванинг “Ўзбекистонда ахборот соҳасини ривожлантиришда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятининг аҳамияти” ҳақидаги маърузалари тингланди.
Ушбу маърузаларда кейинги уч йилда мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг чинакам “тўртинчи ҳокимият” даражасига етиши учун яратилган имкониятлар ва бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Шундан сўнг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Джон МакГрегор, ЕХҲТ элчилари ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Давра суҳбати якунида ташкилотчилар 2020 йилда юртимизда “Марказий Осиёда сўз эркинлиги” мавзуида ҳалқаро форум ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ.