Ўзбекистонликлар учун Германияга меҳнат визаси олиш енгиллашиши мумкин
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Германияга борди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Ташриф давомида мамлакатимиз элчихонасида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси билан ҳамкорликда йирик немис иш берувчи компания вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Суҳбатда вақтинча хорижда ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимизни Европанинг ривожланган давлатига ишга жалб этиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ушбу давлатга меҳнат миграциясини тез ва самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Немис ишбилармонлари айни пайтда Германияда ташқи ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини, айниқса, ҳамширалик ва фельдшерлик, юк машинаси ҳайдовчиси, саноат, мехатроника, гастрономия, йўл қурилиши соҳаларида 130 мингдан ортиқ ишчи кучига эҳтиёж мавжудлигини билдирдилар.
Учрашувда Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиб келаётган компаниялар вакиллари ўз тажрибалари билан бўлишдилар ва бошқаларни ҳам мамлакатимиз билан ҳамкорликка чорлади. Шунингдек, мулоқотда Германия меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда юртдошларимизнинг касбий тайёргарлигини ошириш, немис тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, виза олишда енгилликлар жорий этиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Касб-ҳунарга ўқитишнинг немис моделини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.
Немис компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрликларини таъкидлашди.
Вазир Беҳзод Мусаев ташриф давомида Германия ҳукуматининг миграция масалалари бўйича махсус комиссари Йоахим Штамп билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида "Миграция ва мобиллик тўғрисида"ги ҳукуматлараро битим лойиҳаси якуний матнини келишиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг 25 та компанияси ўртасида Ўзбекистон фуқароларини турли соҳаларда вақтинча иш билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилган. Яна бешта компания билан музокаралар олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда 821 нафар Ўзбекистон фуқароси Германияга вақтинчалик ишлашга жўнатилган, 1 минг 670 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини ушбу мамлакатда давом эттириш учун тайёргарликдан ўтмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб, ватандошларимизнинг бу мамлакатда ишлашлари учун касбий тайёргарлик ва тил ўрганишлари таъминланиб, ишга жойлашишлари учун шароит яратилмоқда.
"Simson Private Akademie" касб-ҳунар таълим маркази иш бошқарувчиси Макс Роймшюссель:
— Академиямиз турли касблар, яъни чилангарликдан тортиб, механик, мехатроник йўналишларида дуал касбий таълим асосида мутахассисларни тайёрлайди. 2021 йилдан буён Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаганмиз.
Бугунги кунда Ўзбекистондан 50 дан ортиқ ёшлар бизнинг таълим муассасаларимизда касб сирларини эгалламоқда. Ўзбекистонлик ёшларнинг билимга чанқоқлиги ва тил ўрганишга иштиёқи юқори. Биз билан ҳамкорлик қиладиган компаниялар ўзбекистонлик мутахассислардан жуда мамнун.
"GP Günter Papenburg AG" компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Ангела Паппенбург:
— Ўзбекистон элчихонасининг Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Мазкур тадбирда Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг иштироки жуда муҳим бўлди. Вазир бизнинг барча савол ва таклифларимизга ўз фикрини билдирди.
Меҳнат миграцияси икки томон учун ҳам долзарб масала ҳисобланади. Германияда айни пайтда ишчи кучи етишмовчилиги кузатилмоқда. Немис компаниялари касбий таълим олиш ва келажакда ушбу компанияларда ишлаш истагида бўлган ёшларни изламоқда. Ўзбекистон учун ҳам бу амалиёт жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу бир томондан мамлакатда касбий таълимни ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан Германияда таълим олган ёшлар келажакда ўз юртларига халқаро тажрибага эга мутахассис сифатида қайтадилар. Яъни, бу соҳа бўйича ҳамкорлик икки томон учун ҳам ўзаро манфаатли ҳисобланади.