Ўзгидромет: Бу ҳафта жазирама иссиқ чекинади

"Ўзгидромет" хабарига кўра, бугун, 4 июль куни куннинг ўртасига келиб, термометр устуни +35...+37 даражага етади. Республика шимолида Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади ва ҳарорат +26…+31 даражагача пасаяди.

Эртага ҳаво массасининг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Наманган вилоятларида, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кундузи +30...+35 даражадан юқори бўлмайди.

4-5 июль кунлари фронт ўтишида баъзи жойларда чанг-тўзонлари билан шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим жойларида шамол 23-28 м/с гача кучайиши мумкин.

6 июлдан 8 июлгача Ўзбекистон бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 6-7 июль кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари +17...+22 даража, кундуз кунлари +30...+35 даража атрофида, жанубда +37…+39 даражагача бўлади.