Пандемия сабаб чет элдан келолмаётган ота фарзандлари учун ижтимоий нафақа талаб қилишга ҳақлими?

Кўпинча инсон қийин аҳволга тушиб, кўмакка муҳтож бўлиб қолган вақтда турли идораларга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Мабодо мурожаатчининг муаммоси эътиборсиз қолдирилса, ўша инсон оммавий ахборот воситалари ходимлари бўлган журналист ёки блогерларга мурожаат қилиб, дардини айтишга мажбур бўлади.
Кеча, 23 июль куни Zarnews.uz телеграм каналида Иштихон тумани Халқобод маҳалласида яшовчи фуқаро Ўткир Аҳмедов томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди. Мурожаатни ўқиб, жуда оғир аҳволга тушиб қолган, оч-наҳор яшаётган инсонлар қиёфаси кўз олдингизда гавдаланади. Буни ҳис қилган “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” бўлими мутасаддилари ун, гуруч, ёғ ва турли озиқ-овқат маҳсулотларини олиб, мурожаатчининг хонадонига боришди. Аммо вазият аянчли эмас аксинча оиланинг яшаш шароити жуда яхши, ҳатто кўпчилик ҳавас қиладиган даражада тўқ яшаши маълум бўлди. Оиланинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмаганлигидан норози бўлиб, мурожаат қилган хонадонда “Кобалт” автомобили мавжуд эканлиги кишини янада ҳайратлантиради.
Данғиллама уйни гапирмаса ҳам бўлади. Ўткир Аҳмедовнинг отаси билан суҳбатлашилганда ўғлининг мурожаатидан хабари борлигини, аммо яшаши яхши эканлиги, ҳеч кимдан кам яшамаслиги, камбағал оилаларга тарқатилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сўраб мурожаат қилиш нияти йўқлигини маълум қилди.
Отанинг гапларидан муддао нима эканлигини аниқ билиб олишингиз мумкин.
– Худога шукур яшашимиз яхши, ҳеч кимдан кам эмасмиз. Аммо менга болаларга тўланадиган нафақа қандай мезонларга кўра белгиланишини тушунтириб беринг.
Муржаат маҳалла раиси томонидан ҳал этиладиган бўлди.
Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.
Таҳририятдан: Россиядан мурожаат йўллаган фуқаро фарзандларига вақтида пул етказиб беролмаётгани, болалари бугунги пандемия шароитида қийин аҳволда қолгани, вояга етмаган фарзандларининг ижтимоий ҳимояси учун ёрдамга муҳтожлигини баён этган.
Иштихон тумани ҳокимлиги мутасаддилари фуқаро йўллаган биринчи мурожаатга яхшилаб эътибор берганида, вақтида ушбу хонадонга бориб вазиятда ўрганганида уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун қонун нуқтаи назаридан нафақа талаб қилаётганликларини англаб етган бўлишарди.
Хўш, болаларга тўланадиган нафақа қандай мезонларга кўра белгиланади? Бунга эса ҳокимлик муносабатида жавоб йўқ.