Париждаги кўргазмада мамлакатимиз либослари гулдастаси намойиш этилмоқда: Унда Самарқанд анъанавий либослари ҳам бор

Париждаги Араб дунёси институтида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасида Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Фарғона водийси шаҳарларидан 24 дона анъанавий уст кийимлардан иборат ўхшашда тенги йўқ либослар гулдастаси намойиш этилмоқда.

XIX-XX аср бошларида Марказий Осиёнинг аксарият шаҳарларида ипак, нимшойи, кимхоб ва пахта абр газламалари ишлаб чиқарилган. Ўша кезлари Ўзбекистонда дунёда икат номи билан донг таратган абришим матоларини бадиий тасвирларда бўяб, жилва тус бериш катта авж билан ривожланган.

Ҳозирда ипак саноати Марғилонда кенг қулоч ёзиб тараққий этган бўлиб, замон билан ҳамнафас ҳунармандлар авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган қадимий анъана ва услублар асосида газмол тикадилар. Буларнинг барча таровату жилосидан кўргазманинг ўзида 2023 йилнинг 4 июнига қадар баҳра олиш мумкин.