Пулларини хайрия ишларига сарфлайдиган машҳурлар
2015 йилда америкалик медиамагнат ва интернет-тадбиркор Марк Цукерберг деярли барча бойлигини хайрия қилишини айтган эди. Бу бирданига эмас, балки тадбиркорнинг бутун ҳаёти давомида содир бўлади. Марк ўзининг сахий ҳаракатларида ёлғиз эмас, яна кўплаб машҳурлар вақти-вақти билан мухлисларини бир-биримизга ва биз яшаётган дунёга ғамхўрлик қилишга чақириб, турли акцияларда қатнашади ва катта хайрияларни амалга оширади.
ADME сахий ҳиссалари ва ҳаётининг кўп йилларини хайрия ишларига бағишлаган машҳур кишилар ҳақида сўзлаб беришга қарор қилди.
Дэвид Бекхэм. Тахминан 1,4 миллион АҚШ доллари
Собиқ футболчи ва ЮНИСЕФнинг яхши ният элчиси Дэвид Бекҳэм ўтган йилда ташкилот фондига 1 миллион фунт-стерлинг (1 миллион 350 минг доллардан ортиқ) юборгани маълум бўлди.
Бу Дэвиднинг бундай ишни биринчи марта қилиши эмас. Парижнинг “Пари Сен-Жермен” футбол клубида ўйнаб юрган пайтлари футболчи доимий равишда ўз маошини маҳаллий хайрия ташкилотларига ўтказиб турган.
Брижит Бардо. Тахминан 3,5 миллион АҚШ доллари
Интервьюларнинг бирида мухлисларига актёр сифатида эмас, балки хайрия ишлари билан эслаб қолинишини истаган француз актрисаси Брижит Бардо ўзини “ҳайвонлар париси” деб аташ у учун энг ёқимли илтифот бўлишини айтди.
Бардо 1970 йиллардан бери ҳайвонларга ҳар томонлама ёрдам бериб келиб, улар ҳуқуқи учун фаол курашади. У 30 йилдан ортиқ вақт давомида ўз фондини бошқариб келади. Жамғарманинг қарорларидан бири ҳайвонлар учун бошпана яратиш эди. Сўнгги йилларда биргина бошпананинг товуш изоляциясини яхшилаш учун 3 миллион евро сарфланган.
Майкл Жордан. 10 миллион АҚШ доллари
Ўтган йили Майкл Жордан кейинги 10 йил давомида ижтимоий адолат ва барча одамларнинг таълим олишда тенг ҳуқуқлилиги учун курашаётган ташкилотларга 100 миллион доллар хайрия қилишини маълум қилган эди. Баскетболчи тиббиёт клиникалари очилиши учун ҳам 10 миллион доллар хайрия қилди.
Жефф Безос. 10 миллиард АҚШ доллари
Кейинги йилларда дунёдаги энг бой одамлар рейтингида етакчилик қилиб келаётган тадбиркор Жефф Безос космосга учади ва миллионлаб долларларни хайрия ишларига сарфлайди. Тадбиркор иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиради ва экологик фаолликни қўллаб-қувватлайди. Ўтган йили Безос ушбу мақсадлар учун 10 миллиард доллар ажратган.
Билл Гейтс. Ярим бойлиги
2010 йилда Билл Гейтс, Мелинда Гейтс ва инвестициячи Уоррен Баффет “Тортиқ қилиш қасамёди” деб номланган шартномани имзоладилар. Бойлигининг камида ярмини хайрия ишларига бериш мажбурияти ҳужжатнинг моҳияти бўлиб хизмат қилади. Айтганча, ушбу “Қасамёд”ни турли мамлакатлардан 200 дан ортиқ киши имзолаган.
Чак Фини. Бойлигининг 99 фоизи
2023 йилнинг 9 октябрида “Duty Free” дўконлар тармоғи асосчиси Чарльз Чак Фини 93 ёшида Сан-Францискода вафот этди. Сўнгги 40 йил ичида Фини ўзининг “The Atlantic Philanthropies” жамғармаси орқали дунё бўйлаб хайрия ташкилотлари, жамғармалари ва университетларига 8 миллиард доллардан ортиқ маблағни аноним тарзда хайрия қилган.
“Пулларингизни сарф қилиш учун кексаликни ва энг ёмони, ўлимни кутманг. Бунинг ўрнига ҳали кучингиз, алоқалар ва бирор бир таъсирга эга бўлганингизда хайр-эҳсон қилинг. Пули бор одамнинг мажбуриятлари ҳам бўлиши керак”, деган эди Фини “Forbes”га берган интервьюсида.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.