"Путин ҳазил қилмаяпти": Жо Байден ядровий "Армагеддон" таҳдиди ҳақида огоҳлантирди

Ядровий "Армагеддон" таҳдиди 1962 йилдаги Куба ракета инқирозидан бери энг юқори даражада турибди. Бу ҳақда Жо Байден Сенатнинг Демократик қўмитаси кампанияси учун маблағ йиғиш тадбирида айтиб ўтди.

Россия ядровий доктринаси ҳақида гапирар экан, Америка президенти кучсизроқ тактик қуроллардан фойдаланиш тезда назоратдан чиқиб кетиши ва глобал ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Байден “Владимир Путинни жуда яхши билиши”ни айтди ва Россия раҳбари “Тактик ядро, биологик ёки кимёвий қуроллардан фойдаланиш ҳақида гапирганда ҳазиллашмайди” дея огоҳлантирди.

Бир кун аввал Австралиянинг Lowy Institute таҳлил маркази билан видеоконференцияда Украина президенти Владимир Зеленский агар Россия ядро қуролидан фойдаланишга қарор қилса, НАТОнинг “олдиндан зарбалари” ҳақида гапирди.

Владимир Зеленский:
"НАТО нима қилиши керак? Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини йўқ қилиши… Лекин, биринчи навбатда, 24 февралдан олдингидек, яна халқаро ҳамжамиятга мурожаат қиламан. Олдиндан превентив (олдини олувчи) зарбалар, фойдаланган тақдирда улар билан нима бўлишини билишлари учун».

Кейинроқ Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров Украина президенти профилактик санкцияларни назарда тутганини тушунтирди.

Ўзининг яқинда аҳолига қилган мурожаатида Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилишдан ташқари, мамлакат ҳудудий яхлитлигига таҳдид туғилган тақдирда ядро арсеналидан фойдаланиш имкониятига ҳам шаъма қилган эди.

Украинанинг тўртта вилоятининг аннексия қилинишини қонунлаш орқали президент ҳозирда улар Кремль томонидан Россия Федерациясининг “янги ҳудудлари” сифатида қаралаётганига ишора қилди.

Шу кунларда Қўшма Штатлар Киевнинг қатъий илтимосларига қарамай, Қримдаги нишонларга эҳтимолий зарбалар бўйича келишмовчиликлар туфайли, тахминан 300 километр масофага учадиган ATACMS ракеталарини Украинага топширишдан бош тортмоқда, деб ёзади WSJ америкалик расмийлар ва конгрессменларга таяниб.

АҚШнинг бу ракеталарни етказиб беришни истамаслиги - Украинани Россия билан кенгроқ можарога олиб келмасдан қандай қўллаб-қувватлаш борасидаги чуқур баҳсни акс эттиради, деб ёзади газета.