Путин ва Трамп уч кун ичида урушни тугатадими?

15 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп Аляскада Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади.

Уларнинг учрашуви аллақачон бир-бирига қарама-қарши миш-мишлар билан тўла: Путин бутун Донецк областини талаб қилади ва шу билан бирга Херсон ва Запорожье областларининг босиб олинган қисмларини Украинага беради (маълумот тасдиқланмаган), шунингдек, ҳавода ва денгизда эҳтимолий сулҳ…

Ғарб нашрлари Владимир Зеленский ҳам Аляскага келишини таъкидламоқда. Аммо у аввал АҚШ ва Россия етакчилари гаплашиб олишини кутиши керак бўлади. Учрашувга уч кун қолди, аммо ҳали ҳеч нарса аниқ эмас.

Трампнинг ўзи ультиматум қўйди ва уни ўзи амалга оширди. У муддат белгилаб, уни қисқартирди, сўнг Уиткоффни Кремлга жўнатиб, вакилнинг Путиндан эшитганлари уни қизиқтиришини айтди ва учрашув санасини белгилади.

Бўлажак йиғилиш Россия нефтини сотиб олувчиларга қарши таҳдидларни амалга ошириш ва иккиламчи санкцияларни жорий этиш, келажакда Украинани узоқ масофали қуроллар билан таъминлаш зарурлигини вақтинча бекор қилди. Шу билан бирга, Владимир Путин ультиматумнинг асосий шартини бажармади - у Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмади. Аксинча, ультиматум даврида тинч аҳоли қурбонлари сони ва вайронагарчилик суръатлари бўйича уруш тарихидаги энг қора кунлар бошланди. Фақат Аляскадаги учрашув олдидан, кайфиятни бузмаслик ва ҳамкасбини мутлақо ноқулай аҳволга солиб қўймаслик учун Путин бомбардимон қилишни тўхтатади, деган умид бор ва бу ерда ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ, дейилади «Медуза»да.

Трампнинг Россияга жўнатилган вакили нима билан қайтди?

Трамп оптимист Уиткоффдан, Уиткофф эса Путиндан нимани эшитгани мутлақо ноаниқлигича қолмоқда. Энг илғор оммавий ахборот воситалари хабарлари бир-бирига зид. Баъзи маълумотларга кўра, Виткофф россиялик амалдорларнинг ўз хўжайинини рози қилиш истагини тўлиқ баҳам кўрди ва унинг Путин ваъдалари талқини аслидан анча сахийроққа ўхшайди. Қандай бўлмасин, Путинга Трамп билан учрашувда Виткоффга айтганидан зиёд нимадир айтишга ва энг юқори даражада қайта савдо бошлашга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди.

Ғарб матбуотига кўра, Путиннинг Уиткофф орқали етказган таклифлари орасида бир-бирининг ҳудудига чуқур зарба беришни тўлиқ тўхтатиш ҳам бор.

Украина бўйича ўт очишни тўхтатишдан олдин юзма-юз учрашувга рози бўлгани билан Трамп аллақачон ён берди, шунинг учун у Путинга қараганда кўпроқ таваккал қилади. Унинг, ўзи айтишни ҳуш кўрганидек, қўлида карталар кўп эмас. Агар Путин ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаса, Россиянинг нефть савдоси самарадорлигига Трампнинг ўзи ҳам шубҳа қилган иккинчи даражали санкциялар остига тушади.

Бу ҳолда ҳатто Европа пули, ҳатто узоқ масофали ракеталар бериб бўлса ҳам Украинага қурол-яроғ ёрдамини давом эттиришга тўғри келади. Бу эса Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашувга қадам бўлиб, урушда бурилиш Украина фойдасига кафолат бўлмайди. Саммитдан «қуруқ» кетиш эса Трамп учун ноқулай, шунинг учун ҳамкорлар хавотирда: бу ҳолат уни Путиннинг турли айёрликларига рози бўлишга ундаши мумкин.

Бундан ташқари, янгиликларга кўра, Зеленский ҳам Аляскага келиши мумкин, лекин учрашув бошида эмас, балки чақиришганда — аллақачон келишилганни маъқуллаш ёки рад этиш учун. Шунда рад этиш оқибати Трампдан Зеленскийга ва уни қўллаб-қувватловчиларга кўчади, Америка президенти эса қўлини ювиб қўлтиғига уради.

Агар Трамп Россиянинг ташқи сиёсий талаблари легитимлигини тан олса, назарий жиҳатдан бу урушни тугатиши ва ҳатто Украина томонидан бериладиган имтиёзлар сонини камайтириши мумкин. Агрессорни мукофотлашдан барибир қочиб бўлмайди, аммо жабрланувчини қутқариш ва дастлабки тажовузкор режалар анча кенг қамровли бўлиши мумкинлиги билан тасалли бериш мумкин. Буни амалга ошириш осон бўлмайди ва эҳтимол, баъзи ҳолларда Путинга шунчаки босим ўтказишга тўғри келади.

Муаммо яна шундаки, Россия мақомини тан олиш — ғалаба каби анча чўзилувчан тушунча. Эҳтимол, уруш давомида иккаласи бир-бирига қоришиб кетган ва Москвада бундай тан олишнинг моддий ифодаси сифатида ўз ҳарбий талаблар тўплами бажарилишини кўришмоқда.

Агар шундай бўлса, учрашув умуман муаллақ қолиши ёки кечиктирилиши мумкин. Бироқ, у ўтказилса ҳам, қатнашчилар албатта натижа билан чиқиши шарт эмас. Эсингиздами, Трамп ўзининг биринчи муддатида КХДРнинг атом дастурини тўхтатиш умидида уч марта Ким Чен Ин билан учрашган, аммо керакли сўзларни топа олмаган. Учрашувлар фақат маросим сифатида қолган эди.

Г.Холдорова тайёрлади.