Қалбаки касаллик варақаси учун 15 йил

Туркия фуқароси касаллик варақасини қалбакилаштиргани учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин, деб хабар бермоқда DHA.

Конья вилоятидаги хусусий тиббиёт маркази ходими Саит У июль ойида касаллик баҳонасида тўрт кун иш жойида бўлмаган ва буни тасдиқловчи ҳужжат сифатида марказ эгасига касаллик варақасини юборган.

Бошлиқ томонидан олиб борилган текширувлар давомида Саит касалхонада бўлмагани аниқланган. Бундан ташқари у Мерсин пляжида олинган фотосуратини ижтимоий тармоқда баҳам кўришга улгурган.

Саит коронавирус аломатлари борлигига шубҳа қилгани ва касалхонага бормагани, таниш ҳамширадан касаллик варақасини тайёрлашни сўраганини, ҳамшира телефон орқали касаллик варақаси расмини юборганини айтган.

Бошлиқ ходимни судга берган, биринчи суд мажлиси июль ойига белгиланган. Ходим фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш учун 15 йил, шифокор ва ҳамшира эса мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш учун 11 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.