Қишда Тойлоқда электрдан муаммо бўлмайдими?
Хабар берганимиздек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан Тойлоқ туманида электр таъминоти тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
- Ўтган йил қишда кузатилган аномал совуқда юз берган ҳолатлардан хулоса чиқариб, бу йил мавсумга яхши тайёргарлик кўрилди, - дейди туман ҳокими Б.Бобоназаров. – Мавсум олдидан сектор раҳбарлари, туман электр, газ ва сув оқова тизими мутахассислари билан биргаликда жойларда ўрганишлар олиб борилиб, камчиликлар бартараф этилди. Жумладан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 400 га яқин бетон устун ва уларга электр узатиш симлари тортиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди.
Шунингдек, ҳомийлар ва аҳоли томонидан 20 дан ортиқ трансформатор ўрнатилди ва туман электр таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда электр симлари тортиш ишлари давом этмоқда. Қолаверса, туман ҳокимлигида коммунал соҳа билан боғлиқ мурожаатларни эшитиш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича штаб ҳам ташкил қилинган. Насиб бўлса, бу йил қишда туманда электрдан муаммо бўлмайди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар туман электр таъминоти корхонаси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Тойлоқ туман элеткр таъминоти корхонасига қарашли учта подстанция ва битта тарқатувчи пункт мавжуд. Туманда 6-10 кВли тармоқлар 48 та бўлиб, шундан 35 та ҳаво тармоғи туман электр таъминоти корхонаси, 13 таси эса истеъмолчилар ҳисобида.
- Туманда 761 дона трансформатор пункти мавжуд, - дейди туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Акбар Сиддиқов. - Мавсумга ҳозирлик кўриш мақсадида 64 та трансфортматор ва 128,3 километр электр тармоғи мукаммал, 79 та трасформатор пункти ҳамда 216,59 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланди. 15 та манзилга янги трансформатор ўрнатилиб, 908 бетон устун алмаштирилди. Тизимдаги авария ҳолатларини бартараф этиш учун 5 та навбатчи бригада ташкил этилган бўлиб, уларга тўрттадан ходим бириктирилган.
Пресс-тур доирасида туманнинг Ғўлба маҳалласидаги Заробод қишлоғида бўлдик. Тойлоқ туман электр таъминоти қурилиш бригадаси бошлиғи Санъат Тўхтаевнинг айтишича, қишлоққа 44 та темир-бетон устун олиб келиниб, 1,3 километрга электр узатиш кабели тортилмоқда.
Айни пайтда туманда электр узатиш тармоқларини тортиш, трансформаторларни таъмирлаш ва янгисига алмаштириш ҳамда темир-бетон устунларини ўрнатиш ишларининг якуний босқичи давом этмоқда. Пресс-тур давомида журналистлар ушбу жараёнларни кузатиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.