Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Ўзбекистонда мева ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлайди
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) веб-сайтида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Ўзбекистонда мева ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига микрокредит ажратиш борасида ҳамкорлик қилаётгани борасида маълумот жойлаштирилди.
Қайд этилишича, БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) қишлоқ тараққиётида хусусий сектор иштирокини кўпайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини кенгайтирмоқда.
«Ўзбекистонда етакчи тижорат банкларидан бири ҳисобланган «Ҳамкорбанк»га 2,5 миллион доллар кредит ажратиш орқали 1500 нафар сутчилик ва боғдорчилик йўналишидаги кичик бизнес вакиллари даромадларини ошириш ва турмуш фаровонлигини яхшилаш учун микрокредит олиш имкониятига эга бўлади», - дейилади мақолада.
Мақолада ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лаура Маттиолининг қуйидаги сўзларидан иқтибос келтирилган: «IFAD фаолияти, айниқса, ишлаб чиқариш омилларидан тенг фойдаланишда қийинчиликка учраётган аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу боис, микрокредитнинг тахминан 30 фоизи аёлларга ва яна 30 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар учун ажратилади».
Таъкидланишича, ушбу кредит орқали «Ҳамкорбанк» Андижон, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг қишлоқ ҳудудларида фойдали хизматлар, технологиялар ва бозор топиш имконини бериш мақсадида майда, кичик ва ўрта агробизнесни қўллаб-қувватлайди, дея хабар қилади «Дунё» АА.