Ибратли воқеа: Қиз қадри

Мактабларнинг бирида гўзал муаллима бор эди. Жуда латофатли бўлса-да, ҳануз турмушга чиқмаган, балки умуман оила қуриш нияти ҳам йўқдек эди. Ҳамкасблари ундан: “Нима учун турмушга чиқмагансиз? Ахир жуда гўзал қизсиз?”, деб сўрашибди.

У эса шундай дебди:

- Бир аёлнинг бешта қизи бўлиб, олтинчисига ҳомиладор эди. Эри унга: “Агар бу сафар ҳам қиз бўлса, уни ўз қўлларим билан уйдан чиқариб ташлайман”, деб таҳдид қиларди. Бахтга қарши аёл олтинчи қизини дунёга келтирди. Эри ҳам сўзининг устидан чиқиб, олтинчи қизни қўлига олиб, хуфтон намозидан кейин масжид остонасида қолдирди. Бомдод намозидан аввал келиб қараса, чақалоқ қўйиб кетган жойида турибди, уни ҳеч ким олиб кетмабди. Ноилож ота қизни уйига қайтариб келди ва кечгача онаси олдида қолдирди. Хуфтон намозидан кейин чақалоқни яна масжид эшиги олдида қолдириб кетди. Бомдод вақтида яна қизини қайтариб олиб келди. Бу ҳол етти кун давом этди. Онаизор эса етти кун тинимсиз қизи учун Қуръон ўқиб, дуо қилиб ўтирарди. Ота ўз ишидан ўзи зерикиб, қизни уйда қолдиришга қарор қилди. Бундан она жуда хурсанд бўлди. Озгина муддат ўтиб она яна ҳомиладор бўлди. Бу сафар ўғил! Лекин катта қиз фарзанд тўсатдан вафот этди.

Она иккинчи ўғилни дунёга келтирди. Аммо иккинчи қиз вафот этди. Шу зайл ҳар сафар ўғил туғилса, битта қиз дунёдан кўз юмар эди. Она беш ўғилни дунёга келтирди. Лекин бешта қизини қабрга қўйди. Фақат отаси қутулишни истаган кенжа олтинчи қизгина тирик қолди. Кейин эса онанинг ўзи бу фоний дунёни тарк этди. Ҳозир ўша қиз ҳам, укалари ҳам улғайишган. Ўша отаси халос бўлишни истаган олтинчи қиз ким эканини биласизларми? Ўша қиз менман.

Отам қариб қолган. Унга қарайдиган ҳеч ким йўқ. Мен барча хизматларини қиламан, таом ҳозирлайман, хуллас, нима парвариш бўлса ўзим қиламан. Турмушга чиқмаслигимнинг асосий сабаби ҳам мана шу. Бешта укам эса отамни зиёратига келиб турадилар. Қайси биридир, бир ойда бир, яна қайсиси икки ойда бир “қораси”ни кўрсатиб кетади. Отам эса менга нисбатан гўдаклигимда қилган ишларидан пушаймон бўлиб ҳар куни йиғлайдилар...

"Бахтли ҳаёт сари" китобидан.