Қор-кўрпага бурканиб
- Сенга нима бўлди, - Куртак қўшнисининг сап-сариқ, тилла рангига хавотир билан қараб сўради.
- Ҳеч нима, - жилмайди - у, - ахир кузку, ҳозир. Табиат ўз ишини қилаяпти. Бугун-эрта она дарахтнинг пойига бош қўяман.
- Эй мен ҳам шунақа қиламанми?
- Ҳа албатта, ахир япроқ умримизни яшадикку. Эрта баҳорда куртак бўлдик. Ёзда мева тугдик, пишди улар. Одамлар баҳраманд бўлишди.
- Мен мева тугмадим-ку, - хўрсинди Куртак, - нима билан мақтанаман?
- Борлигинг билан - жилмайди қўшниси - келгуси баҳорда мен ҳосил қилмайман. Сен мева тугасан. Бу йил менга қанча ёрдам бердинг. Мен мевага шира бериш билан овора бўлганимда сен тоза ҳаво ишлаб чиқардинг. Қуёшдан мевамни пана қилдинг.
- Ҳа-я, - енгил тортди Куртак, кейин яна ташвишланди, - одамлар буни билишармикан?
- Албатта, албатта билишади. Ҳаётдаги ҳар бир мавжудот фойдали эканлигини улар жуда яхши ҳис қилади.
Шу пайт шамол эсиб япроқ чирт этиб узилди.
- Қаёққа? - жон ҳолатда қичқирди Куртак.
- Хайр, қўшнижон, - Япроқнинг овози келди осмондан, - энди баҳорда кўришамиз, - лекин дарахтда қолиб кетма - қийин бўлади сенга.
Куртак қўшнисини анча кузатди. У анча вақт осмонда шамол билан сайр қилди. Кейин айланиб - айланиб дарахт пойига келиб тушди. Ер япроқларга тўлиб кетган эди.
Куртак чуқур хўрсинди, Бир маҳал қараса, бошқа ҳеч ким қолмабди, дарахтда.
- Борақол, жигарим, борақол, - уни эркалади Она дарахт, - ёлғиз қолдинг, бир ўзинга қийин бўлади.
Куртак ихтиёрини шамолларга топширди. Шамол уни оҳистагина олиб бориб, қўшнисиниг ёнига қўйди, Улар бирам севиниб кетишдики...
- Энди нима бўлади? - сўради Куртак.
- Эндими? Энди шамол Она заминга оппоқ кўрпа олиб келади. У кўрпанинг номи Қор. Ўшанга ўраниб ухлаймиз. Қиш бўйи ухлаймиз. Баҳорда яна шамол келиб бизни уйғотади.
- Қишни ҳам дарахтда ўтказсак бўладими? - сўради Куртак.
- Йўқ, - деди Япроқ - қишда шамоллар ёвуз бўлиб кетади. Кўзига кўринмаганинг яхши. Ухлаб, қиш бўйи япроққа айланамиз.
...Икковлон кўрпани кутиб хаёлларга берилишди. Куртак оқ қорни кўрмаганди. Юраги орзиққандан орзиқарди.
- Энтикаверма, - деди Япроқ қўшниси, - сабр қил. Қор шундай чиройлики? Ҳали ўзинг кўрасан.
- Куртак тинчланди. Чунки Она замин бағрида илк бор Қорни, оппоқ кўрпа-қорни кўради! Кўрпага меҳрибон қўшниси Япроқ билан бурканишади...
Абдуазиз ҲОШИМОВ.