Қорақчитоғни “қароқчилар”дан ким қутқаради?
Бундан икки-уч йил олдин Пайариқ туманидаги Аламота қишлоғида жойлашган Қорақчитоғдан қадимий ёзувлар, меҳнат қуроллари топилганлиги хусусида шов-шувлар кўтарилган эди. Шу тоғда яшовчи Нурпўлат Тўқбоевнинг мурожаатидан сўнг бу ерга келган археолог ва тарихчилар тошларга чизилган суратлар, ҳар-хил белгилар, меҳнат қуролларини кўриб, булар неолит, неозалит, бронза даврларига бориб тақалишини айтган. Ва, бу тоғ муҳофазага олиниши кераклигини таъкидлашган.
Аммо бугун тоғни муҳофазага олиш ўрнига айрим кишилар томонидан тоғ тошлари иморат учун олиб кетилмоқда. Агар ҳолат шундай давом этадиган бўлса, тоғ 4-5 йил ичида бутунлай вайрон бўлади.
- Хўрозқанд чет элники деса ётиб олиб ялашади, деганлари рост экан, - дейди шу тоғда яшовчи Нурпўлат Тўқбоев. - Буни бекорга эсламаяпман. Тарихчиларимиз Мисрдаги ёзувлар, эҳромлар хусусида тўлқинланиб гапиришдан чарчамайди. Бундай нарсалар ўзимиздаям бор-ку!? Йўқ бўлса, бошқа гап. Боридан фойдаланишда эса, елка қисиб тураверамиз. Қоя тошлардаги суратлар қадим ўтмишдан сўзлаб турганлигини билиш учун тарихчи бўлиш шарт эмас. Уни кўрган кишининг бу ёзувлар кеча ёки бугун чизилмаганлигига фаҳми етади. Шундай экан, яна нима керак? Бундан ташқари, уйимда барча даврларга тегишли уй-анжомлари, палахмон тош, чақмоқ тош, камон ўқлари, тангалар, тошдан ясалган қўл тегирмонлари бор. Бир қанча мурожаатлардан сўнг олимларни бу тоғга олиб келдик. Археология институтидан Муҳиддин Хўжамназаров ва Француз олимлари обдон ўрганишди. Ўрганиш жараёнларида қоя тошларга чизилган суратлар, меҳнат қуроллари қадимий деган хулосага келишди. Шундан сўнг Тошкентдан бир гуруҳ олимлар келиб, бу ердаги ноёб асори-атиқалардан бир қисмини музейга олиб кетишди. Лекин бу тоғда бунақанги тарихий ашёлар жуда кўп. Қадимий ғор, кон, ертўла, қўрғон, мудофаа деворлари билан ўралган антик шаҳарлар бор.
Очиғини айтганда, бу ерга ким келса, тоғ муҳофазага олиниши керак дейди. Лекин бу гапларнинг амалда ижроси йўқ. Тоғ ўз-ўзидан айрим кишилар томонидан йўқ қилинмоқда. Ҳозирда ушбу асори-атиқалар йўқ бўлиб кетиш арафасида.
Тоғни асраб қолиш учун 2018 йил Маданият вазирлиги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекциясига, 2020 йил Маданият вазирлигига мурожаат қилдим. Иккаласида ҳам бир хил гап: “Хатингиз ўрганиляпти, натижаси маълум қилинади”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Нурпўлат ака бекордан-бекор ўзини у идорадан бу идорага урмаяпти. Мақсади тоғдаги асори-атиқаларни асраб қолиш. У кишининг гапларини эшитадиган, ижросини таъминлайдиган наҳотки, юртимизда биронта идора топилмаса?! Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам эълон қилинган. Шундай экан, қарор ижросини таъминлаш пайариқликларга ҳам тааллуқли бўлса керак!
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.