Раҳбарлик имтиёз эмас, халққа хизмат қилиш
Эндиликда фуқаролар ўз муаммолари билан бир қаторда лоқайдлик, илдиз отаётган иллатлар, ривожланишга ғов бўлаётган ўзибўларчилик, маҳаллий ҳокимиятда сансалорликни касб қилиб олган айрим ходимлар фаолияти устидан очиқ-ойдин, ҳеч кимдан ҳадиксирамасдан гапирмоқда.
Ошкоралик, очиқлик яхши, албатта. Аммо… Аммо масаланинг бошқа томони кишини ажаблантиради. Аҳоли мурожаат, ариза ва шикоятларининг аксарияти жойида ўрганилиб, маҳаллий ҳокимият даражасида ҳал бўладиган муаммолар. Эндиликда улар шундай ҳал этиляпти. Бу муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Йиллар давомида йиғилиб келган. Айтайлик, аҳолини ичимлик сув, газ, электр билан таъминлаш, ободонлаштириш, йўл, кўчаларни таъмирлаш, уй-жой, ижтимоий ёрдам, тиббий хизмат соҳаларидаги муаммолар. Ўзларини қийнаб келган бу муаммолар ҳақида одамлар илгари ҳам маҳаллий ҳокимият органлари, идораларига такрор-такрор мурожаат қилишган, лекин "лаббай" деб жавоб берадиган мутасадди топилмаган. Натижада юқорига мурожаат қилишган. Савол туғилади: нега?
Гап шундаки, жуда кўп катта-кичик лавозимда ўтирган раҳбарлар ўзларига ишониб топширилган амални имтиёз билиб, суиистеъмол қилади. Халқни эмас, ўзларини ўйлайди.
Халқ ҳузурига боришни эп кўришмайди, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш ўрнига ҳузурига арз билан келганларни сарсону саргардон қилади. Натижада фуқароларда раҳбарларга нисбатан ишонч йўқолади. Туманларда шундай қишлоқ, маҳаллалар борки, ўн йиллар давомида на туман, на бирорта ташкилот, идора раҳбари аҳоли ҳузурига келиб, ҳол-аҳволини сўрамаган.
Паст Дарғом туманида илгари Дўрмонтепа қишлоқ фуқаролар йиғини деб аталган ҳудудда тўртта қишлоқ, олтита маҳалла бор. Ўтган йиллар давомида туманда бир нечта раҳбар ишлаб кетди. Шу ерда яшайман. Уларнинг бирортасини у ёки бу маҳаллага келиб, аҳоли билан учрашув ўтказганини, муаммосини эшитганини эслолмайман.
Тўғри, раҳбарнинг юки оғир. Аммо у шунинг учун ҳам раҳбар-да. Бу лавозимга дуч келган киши тайинланавермайди. Давлат, одамлар унга ишонишади ва кўп нарса талаб қилишади ҳам. Туман ёки ҳудудда у ҳал қилиши лозим бўлган ижтимоий, иқтисодий, маънавий, маданий соҳаларда муаммолар қалашиб ётибди. Уларнинг кўп қисми маълум вақт, катта маблағ ва бошқа ресурсларни талаб қилади. Бу тушунарли. Аммо раҳбарнинг ташкилотчилик, ташаббус билан аҳолини оёққа турғазиб, кўп муаммоларни ҳал этиш имкони ҳам катта-да! Бунинг учун эса у халқ орасига кириб бориши, қўл остидаги бошқа идоралар мутасаддиларидан ҳам шуни талаб қилиши лозим.
Кўряпмиз, ошкоралик, очиқлик, одамлар билан жойларда юзма-юз очиқ мулоқотлар йўлга қўйилди. Соҳаси, лавозими катта-кичиклигидан қатъи назар, раҳбарнинг халқ олдида ҳисоб бериши талаб қилинмоқда. Раҳбар ва масъул ходимлар, мутасадди ташкилот, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари халқ орасига кириб, муаммоларни ҳал этиш билан жиддий шуғулланмоқда.
Раҳбарлик имтиёз эмас, оғир юк, катта масъулият. Халқ дарду ташвиши билан яшаган раҳбарнинг мартабаси улуғ, обрўси баланд бўлади.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.