Россия 1 январдан ноқонуний мигрантларни чиқара бошлайди
Мигрантлар ҳужжатларни топшириш муддати ва мамлакатга кириш мақсадига қўйилган талабларни ҳисобга олмаган ҳолда патент олиши мумкин.
“2021 йилнинг 1 январидан бошлаб чет элликларга ноқонуний фаолият учун жаримадан ташқари (беш минг рублгача) Россиядан чиқариб юбориш ва киришни тақиқлаш билан боғлиқ чоралар кўрилиши мумкин”, — дейилади ИИВ веб-сайтда. Иш берувчига қўл остидаги ҳар бир ноқонуний фуқаро учун 800 минг рублдан жарима тўлаши мумкин.
Хабарга кўра, тегишли ҳужжатлари бўлмаган хорижлик фуқаролар 31 декабргача Россиянинг Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишлари лозим. Шу билан бирга, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари ҳужжатларни топшириш муддати ва мамлакатга кириш мақсадига қўйилган талабларни ҳисобга олмаган ҳолда патент олишлари мумкин.
Иш берувчилар чет элликлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириши ва бу ҳақда уч кун ичида Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органларини хабардор қилиши керак.
Маълумки, июнь ойида президент Владимир Путин муддати ўтган ҳужжатли хорижликларга йил охиригача депортация хавфисиз Россияда қолишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Май ойи охирида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Россияда рухсатнома муддати ўтган 1,5 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари бор.
Шунит алоҳида таъкидлаш керакки Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар кириш мақсадидан қатъи назар, меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Айрим мутахассисларга кўра, мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, юқоридаги иттифоққа аъзо давлатлар сонини оширишда мигрантлар билан боғлиқ муаммолардан фойдаланиш кўзда тутилган бўлиши мумкин.