Россиядаги чет эллик талабалар ўқишдан четлаштира бошланди

Чет эллик талабалар Россия олий таълим муассасаларидан четлаштира бошланди. Бу пандемия даврида чегаралар ёпилиши сабабли уларнинг мамлакатга қайтиб келиш имконияти йўқлиги ва дарсларга қатнаша олмаслиги туфайлидир. Бу ҳақда Mash телеграм канали хабар берди.

Маълумотларга кўра, аллақачон икки мингга яқин талаба Россия ҳукуматига мурожаат қилган. Улар Россияга қайтишга рухсат беришни ва Россия ҳудудида ўқишни давом эттиришга имконият яратилишини сўрашган. Лекин афсуски, айни пайтда талабалар мамлакатга мустақил равишда, эркин келолмайди. Чунки ўқиш чегарани кесиб ўтиш учун асос бўла олмайди.

Mash‘нинг маълум қилишича, мурожаат этувчилар орасида «Россотрудничество» квотаси бўйича ўқиётганлар, бўлажак шифокорлар, театршунос талабалар бор. Айниқса, кейингилар ижодий касбларга ўқишни масофадан туриб амалга ошириб бўлмаслигидан шикоят қилишмоқда. Шундай қилиб, улар таълим муассасасидан узоқда бўла туриб, актёрлик, саҳна нутқи ва шунга ўхшаш масофадан ўрганиб бўлмайдиган ижодий дарсларни қолдираётганидан жиғибийрон.

Ҳуқуқшунос ва адвокат Иван Мелниковнинг айтишича, у талабаларга ёрдам бериш илтимоси билан вице-премьер Татяна Голиковага мурожаат қилган. Аммо ҳукумат ҳануз вазиятга ҳеч қандай изоҳ берган эмас.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.