Сафар Остоновнинг илтифоти
Бугун таниқли журналист, моҳир публицист Сафар Остоновнинг туғилган куни. Ҳаёт бўлганида 75 ёшга тўларди. Афсуски, пандемия балоси устознинг орамизда эрта кетишига сабаб бўлди.
Сафар ака билан боғлиқ айрим хотираларимни ёзишдан аввал у кишининг фаолияти ҳақида қисқача маълумот берсам.
Сафар Остонов 1948 йил 13 ноябрда Оқдарё тумани Олчинтепа қишлоғида туғилган. 1972 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1971 йили республика ёшлар газетасида мусаҳҳиҳ вазифасидан бошлаган. 1990−1996 йиллари "Спорт", "Ўзбекистон футболи" газеталарида бош муҳаррир, 1996−2002 йилларда Ўзбекистон президенти девонида етакчи консультант, бош консультант лавозимларида ишлаган.
2002 йилдан "Ўзбекистон овози" ва "Голос Узбекистана" газеталарида бош муҳаррир лавозимида ишлаган.
У 2019 йилги парламент сайловларида 63-Каттақўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.
1999 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист" унвони билан тақдирланган. Шунингдек, у киши Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳам эди.
Сафар ака билан ўтган асрнинг 80-йиллари охирида танишганмиз. Жуда самимий, бор дардини Сизга ишониб тўкаверадиган, дилкаш инсон эдилар. Ёзган мақола, материалларимизни эринмасдан ўқиб, таҳрир қилишдан, маслаҳат беришдан чарчамасди. 1990 йилдан "Спорт" газетасида бирга ишладик. Мамлакатимизда илк бор мустақил, ўзбек тилидаги спорт нашрига асос солдик. Кейин 1993 йили "Ўзбекистон футболи" газетасини очдик. Сафар ака Президент девонига ўтиб кетгунча ёнма-ён, елкама-елка фаолият юритдик.
Сафар ака камтарин инсон эди. Девонга ўтиб кетгач ҳам ўзини катта тутгани йўқ. Қаерда, қачон кўришмайлик ака-укадек, тенгдош дўстдек ёйилиб, соатлаб суҳбатлашарди. Ёнидан қўйиб юборишни истамасди. Ҳол-аҳволингизни сўрар, ёрдам керак бўлса қўлини чўзишга доимо тайёр турарди.
Бир гал эрталаб тўйда кўришдик. Собир Ўнаров дўстимиз қизини узатиши муносабати билан Юнусободдаги "Самара" тўйхонасида ёру биродарларини жамлади. “Наҳор оши”дан сўнг эшик олдида анча суҳбатлашиб турдик. Тўйга келганлар тарқайвергач, биз ҳам ўз манзилимиз сари қўзғолдик.
- Сиз қаёққа кетасиз? - деб сўраб қолди Сафар ака.
- Мен Юнусободда 8-кварталда тураман, - У кишига “Уйга”, дегим келмади-да, “Сизни кузатиб қўяман, устоз”, дедим.
- Мен ишга боришим керак, газеталар корпусига, юринг бирга кетамиз, - деди Сафар ака. - Бугун хизмат машинамга жавоб берворгандим, бирорта такси "ушлармиз".
Бирга катта йўлга чиқдик. Йўл ёқасида туриб, ўтаётган машиналарга энди қўл кўтармоқчи бўлиб тургандим, бир “иномарка” машина ёнимизга келиб тўхтади. Машинанинг олд ойнаси очилиб, “Сафар ака, ўтирингизлар”, деган чорлов эшитилди. Таниқли хонанда Ҳожиакбар Ҳамидов экан.
- Э, Ҳожиакбар ака, саломатмисиз? Қаёққа кетяпсиз? Биз ЦУМнинг ёнига боришимиз керак эди, - дея Сафар ака машинанинг олд ўриндиғига ўтирди.
- Йўлимиз бир экан, мен "пединститут"га қараб кетаётувдим. Ишхонангизга ташлаб ўтаман, - илтифот кўрсатди Ҳожиакбар Ҳамидов.
Уларнинг самимий суҳбатини тинглаб, бирпасда манзилга етиб олганимизни ҳам билмай қолдик. Ҳожиакбар ака бизни "Шарқ" босмахонаси ёнидаги турк супермаркет олдида қолдириб, ўз манзиллари сари ошиқди. Сафар ака билан "Демир" дўкони ёнида яна бир ярим соатча гаплашиб турдик. “Спорт” газетасида ўтган кунларни "ағдардик". Айни пайтдаги сиёсат ҳақида менга тушунча, "сабоқ" бердилар. Асосан Сафар ака гапирдилар, мен тинглаб, гоҳ-гоҳида маъқуллаб туравердим. Охири оёқлари тик туришдан толиқди шекилли, бир соатлардан кейин бугун шанба ишхонада ҳеч ким йўқ, киринг, суҳбатлашиб ўтирамиз, деб қолдилар. Уйга бозор-ўчар қилишим кераклигини айтиб, узр сўрадим.
- Ие, Сиз Юнусободда турардингиз-ку. Энди яна ортга қайтасизми? - дея самимий жилмайдилар Сафар ака хижолатни кўтариш учун. Ҳечқиси йўқ, устоз, Сизни ҳар куни кўриб турибмизми? Мана, мириқиб гурунглашдик, суҳбатингизни олдим, дедим.
Сафар ака дарҳол бир таксини тўхтатди-да, ҳайдовчига пул узатиб: “Укажон, бу кишини аввал бозорга, сўнгра Юнусободга элтиб қўйинг”, деди. Менинг “Қўяверинг, Сафар ака”, деганимга жавобан:
- Сиз мен учун шунча вақтингизни ажратдингиз, - деди ва қўшиб қўйди. - Йўқ бўлиб кетманг, газета корпусига йўлингиз тушганда "Ўзбекистон овози"га кириб туринг!
Сўнг одатига биноан елкаларини кўтариб-кўтариб, томоқ қиргунча ишхонаси томон қайрилиб юриб кетди. Барчага ҳамиша бир хил, самимий муносабатда бўлиб, ўзига жуда яқин оладиган, вақтини қизғанмайдиган дилкаш устознинг ортида узоқ қараб қолдим...
Комилжон Жумаев.