Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлиси ҳужжатларига кўра, судланувчи Ғафур Жавлонов (исм, фамилиялар шартли) 1993 йил Булунғур туманида туғилган.

Вақтинча ишсиз бўлган бу фуқаро ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилганди. У шу мақсадда 2019 йил июль ойида Ситора Ҳамидованинг ишончига кириб, уни ва қариндоши Лола Ҳамидовани Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ўзининг мансабдор танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишини айтиб, ишонтиради.

Яъни, Ғ.Жавлонов янги танишларини мансабдор танишларига моддий қимматликларни беришга қизиқтириб қўяди. Шу орқали 2019 йил 30 июль куни С.Ҳамидовадан 100 миллион 222 минг 500 сўмга тенг бўлган кўп миқдордаги 11 минг 500 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Бироқ бу “фараҳбахш лаҳзалар” узоққа чўзилмади. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд ишида Ғафур Жавлонов С.Ҳамидова ва унинг қариндошини институтга ўқишга киритиш борасида бирон-бир мансабдор шахсга учрашмаганлигини ва гаплашмаганлигини, шу вақтларда пулга муҳтож бўлганлиги сабабли жабрланувчи ўз билими билан ўқишга кириб кетса, ёрдам қилганлигини айтиб, пулларини қўлга киритмоқчи бўлганлигини билдирган. У жабрланувчиларни ишонтириш мақсадида танишлари орқали ўқишга киритишини айтиб алдаганлигини, бу қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини, унга қонуний енгиллик беришликни сўраган.

Ғ.Жавлонов жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш, фирибгарлик ва бошқа ҳолатлар билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилди.

Суд ҳукми билан унга 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, яшаш жойидан кечқурун соат 22:00дан эрталаб соат 06:00га қадар чиқиши чекланди.

Шунингдек, озодликни чеклаш давомида муайян жойларга, яъни (кафе, бар, ресторанларга) бормаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмасликдан иборат қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилди.

Ислом ШЕРОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи,

Бобир ХОЛМУҲАМЕДОВ,
бошқарма катта инспектори.