Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилади
“Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (494-сон, 18.08.2020 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқий ахборот канали хабар бермоқда.
Қарор билан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ҳамда Туркия билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш, жумладан, чора-тадбирлар дастурининг бажарилишини таҳлил қилади ҳамда ундаги тадбирлар ва лойиҳаларнинг ижросида амалий ёрдам кўрсатади.
Қарорга кўра, қуйидаги йўналишлар бўйича Туркия Ҳукуматининг техник кўмаги кенгайтирилади ва етакчи турк экспертлари жалб қилинади:
- соғлиқни сақлаш инфратузилмаси объектларини бошқариш соҳасидаги салоҳиятини ошириш;
- сейсмология соҳасидаги институционал ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, замонавий халқаро стандартларни жорий этиш;
- йўллар ва йўл бўйи инфратузилмасини қуриш ҳамда улардан самарали фойдаланиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга кўмаклашиш;
- “электрон ҳукумат” соҳасида Туркиянинг энг яхши ечимлари ва технологияларини жорий этиш.
2020 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг Бош консулхонаси очилади.