Самарқанд шаҳридаги 81-мактабга ўқитувчилар нега имтиҳон асосида қабул қилиняпти?

Самарқанд шаҳар Қорасув массивида қурилган янги мактаб биноси 2021-2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди. Ижтимоий тармоқларда ушбу мактабга ўқитувчилар имтиҳон асосида саралаб олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, айримларнинг норозилик кайфиятидаги фикрларига ҳам дуч келяпмиз. Бунга ойдинлик киритиш мақсадида 81-мактаб директори Аловуддин Очилов билан боғландик.

- Мактабга ишга киришни истовчи талабгорлар жуда кўп - дейди у. - Дастлаб бизга мурожаат қилганлар сони 944 нафар эди. Булар ичидан энг билимли ўқитувчиларни саралаб олиш мақсадида ish.uzedu.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш ҳақида эълон бердик. Негадир талабгорлардан 681 нафари рўйхатдан ўтди, аммо биз эълонни вилоят халқ таълими бошқармасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа сайтлар орқали кенг тарқатдик. Кеча, 26 июль куни Самарқанд давлат университетининг физика факультетида талабгор ўқитувчилардан тест синовлари асосида имтиҳон олинди. Имтиҳонни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш вилоят ҳудудий бошқармаси ташкил этди. Тест натижалари, яъни ўқитувчининг тўплаган бали имтиҳон сўнгида компьютер экранида пайдо бўлиб, ҳар бир педагог ўзи олган балдан хабардор бўлди. Ҳозирча 681 нафар талабгордан энг юқори балл тўплаган 97 нафар ўқитувчи мактабга ишга қабул қилинади. Кейинроқ яна эҳтиёж бўлса, қолган талабгорлардан ҳам ишга олишимиз мумкин. 

Маълумот учун: Мактабга математика фанидан 54, информатика фанидан 32, физика фанидан 29, кимё фанидан 26, биология фанидан 54, география фанидан 24, рус тили ва адабиёти фанидан 15, она тили ва адабиёт фанидан 68, ўзбек тили фанидан 24, инглиз тили фанидан 106, тарих фанидан 43, ҳуқуқий билим асослари фанидан 11, тарбия фанидан 15, иқтисод фанидан 2, тасвирий санъат фанидан 10, технология фанидан 17, жисмоний тарбия фанидан 26, мусиқа фанидан 12, бошланғич таълим фанидан 87 нафар педагог ҳужжат топширди.

Хуршида Эрназарова.