Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори нега ўқитувчи йиғлаганидан хурсанд?

Ректор Х.Юнусов институтда коррупция ҳолатлари бартараф этилганини таъкидлади.

– Институт ташкил этилганидан буён шу иллатга қарши курашдик, лекин осон бўлган эмас, – дейди ректор. – Бир неча гуруҳлар, янгича ишлашни истамайдиган, эскича фикрлайдиган ўқитувчилар бор эди. Уларни тўғри йўлга бошладик, таъмагирликка чек қўйишга чақирдик. Буни истамаганлар билан хайрлашдик. Талабни кучайтирдик, ўқитувчи беш-олти йил ассистент бўлиб юрмайди. Марҳамат, уч йилда илмий ишини тайёрласин, ёқласин ва унвонли, лавозимли ўқитувчи сифатида юқори маош олсин.

Тўртта илмий кенгашимизда ҳар йили ўртача 30 тагача илмий иш ҳимоя қилиняпти. Илмий мақола ёзган, халқаро грантларда қатнашган ўқитувчиларни ўзимиз рағбатлантиряпмиз, талабанинг қўлга қарамайди. Ўқитувчилар орасида ҳам, талабалар орасида ҳам юзи ёруғ, бошини кўтариб юради.
Жамоатчилик назоратини кучайтирдик. Ўқитувчилар ва талабалардан иборат гуруҳларимиз дарс жараёнларини кузатади. Талабага янги гап айтолмаётган, ўз машғулотини бугунги кун талаби даражасида ўтолмаётган домлаларни муҳокама қиламиз. Талабаларнинг ўзи ҳам ўқитувчига муносабат билдиряпти.

Яқинда бир ўқитувчи хонамга йиғлаб келди – талабалар дарс ўтишидан қониқмабди, кафедрага мурожаат қилиб, бошқа ўқитувчи тайинлашларини сўрашибди. Албатта, ўқитувчига ачиндим, ўз устида ишлаши кераклигини тушунтирдим, лекин бир томондан талабаларнинг фаоллигидан, фанга бефарқ бўлмаганидан хурсанд ҳам бўлдим.