Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг вилоятимиз хотин-қизларига байрам табриги

Азиз ва мўътабар онажонлар, қадрли опа-сингиллар!

Барчангизни баҳорнинг энг гўзал ва севимли байрами бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан табриклайман!

Аввало уйғониш ва нафосат фаслининг бошланишида, унинг биринчи байрамида шаънингизга таҳсин айтмоқни катта шараф деб биламан. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кейинги йилларда аёл номини улуғлаш, унинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида олиб бораётган сиёсати барчамизни – раҳбарни ҳам, оддий кишини ҳам ана шундай йўл тутишга ундайди.

Аслида, бу сиёсий жараён моҳияти шонли тарихимизнинг теран илдизларига, буюк алломаларимизнинг бой маънавий меросига бориб тақалади. Уларнинг бадиий мероси асосий ғояси ҳам аёлнинг латофату гўзаллигини, ақлу заковатини, унинг соғлом авлодни дунёга келтириш ва фарзанд тарбиясидаги улкан куч-қудратини тараннум этишга бағишланган. Қуръони карим ҳамда бошқа муқаддас улуғ китобларда аёл зотини қадрлаш илоҳий бурч сифатида таъкидланади.

Самарқанд тарихида ҳам хотин-қизларнинг шарафли ўрни бўлган. Буни буюк бобомиз Амир Темур салтанати даврида у кишининг турмуш ўртоғи Сароймулкхонимнинг соҳибқирон салтанатидаги оқилона иштироки ва фарзанд тарбиясида ибрати орқали яхши биламиз. Қолаверса, халқ оғзаки ижодидаги Тўмарис, Барчиной, Гулпари, Ойгул образлари ҳам бизга аёлларимиз нечоғли жасоратли, садоқатли, оқила бўлганини эслатиб туради. Самарқанднинг бой ўтмишида, забардаст, нозик елкасида жамият муаммоларини кўтариб, ҳал қила олган хотин-қизлар авлоди бўлиб келган. Ташаббускорлиги, зукколиги билан жамиятнинг турли жабҳасида намунали меҳнат қилиб, обрў қозонган бу аёлларнинг ҳаммасини номма-ном санаш шарт эмас, уларни шундоғам кўпчилигимиз яхши таниймиз, ҳурмат қиламиз, деб ўйлайман.

Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизлар қадрини улуғлаш, уларнинг жамиятдаги яратувчилик ролини ошириш борасида қилинаётган эзгу ишлар ана шу анъаналар давомидир.

Айниқса, 2018 йил 2 февралдаЎзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  қабул қилиниши хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Ушбу фармон билан хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларга тизимли кўмак бериш масалалари тартибга олинди.  Ҳар бир фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, хусусан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, боқувчисиз қолган, кўп фарзандли аёлларни уй-жой билан таъминлаш масаласи узоқ йиллардан бери илк бора давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Бунинг натижасида ўтган йил ногиронлиги бўлган ва ижтимоий оғир аҳволдаги 258 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. 1140 нафар оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркор аёлларга тижорат банклари томонидан 222 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.  Ажрим ёқасига келиб қолган 1800 дан зиёд оиланинг 1168 таси яраштирилди.

Ўтган йилдан бошлаб оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.  Вилоят ҳокимлиги томонидан марказнинг вилоят бошқармасига барча шарт-шароитга эга бўлган замонавий бино ажратилди. Унинг шаҳар, туман бўлимларида ҳам ходимларнинг ишлаши учун етарли даражада  шароитлар яратилди.

Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги  мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди ва бу йил илк бор вилоятимиздан 18 нафар аёллар ушбу мукофот билан тақдирланди.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси аёлнинг оилада, жамиятдаги ролини ошириш, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг турмуш турмуш фаровонлигини таъминлаш, оилаларда соғлом, баркамол фарзандлар вояга етиши йўлидаги ҳаракатдир. Муҳтарам Президентимизнинг «Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз», деган сўзлари эндиликда давлат сиёсатининг асосий шиорига айланганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрликнинг моҳиятига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, у бутун бир жамият ривожига қаратилган эътибор эканини англаймиз. Дейлик, аёл соғлом бўлмаса, унинг фарзандлари ҳам нуқсонли бўлади, аёл оиласида ҳаловат топмаса, келажак ворисларимиз қалби мажруҳ улғаяди, яшаш шароити етарлича бўлмаса бу оилада хотиржамлик бўлмаслигини барчамиз англаб етамиз. Аёл – оиланинг хотиржамлиги гаровидир, у нур каби хонадонларимизни ёритиб туриши учун биз, раҳбарлардан тортиб, ҳар бир оила бошлиқлари қўлдан келган барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрмиз.

Мунис онажонлар, меҳрибон опа-сингиллар!

Оилаларимизни, жамиятимизни файзу барака билан нурафшон этиб келаётган Сиз латофатли аёлларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор муборакбод этиб, қалбимдаги энг эзгу ниятларни тилайман.

Гўзаллик ва нафосат айёми қутлуғ бўлсин!

Оилангиздан тотувлик, бахт, қут-барака аримасин!

Эл ичра эъзозли, қадрли бўлиб юринг!