Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятида 3 та ихтисослаштирилган элита уруғчилиги хўжаликлари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан вилоятда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги тизимини ривожлантириш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Унга мувофиқ, қишлоқ хўжалик экинларининг бирламчи уруғчилиги ва кўчатларини ташкил этиш учун вилоятда 300 гектар суғориладиган ер майдони ажратилади. Қишоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларни уруғлик билан таъминлаш мақсадида туман марказларида уруғлик материалларини реализация қилиш шохобчаларини қуриш учун ер майдони ажратилади. Алоҳида ер майдони ажратилмаган ҳолда Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар ноль қийматда оператив бошқарув ҳуқуқи билан уруғчиликни бошқариш марказининг ҳудудий бошқармаларига ўтказилади.

Чора-тадбирлар режасига асосан Самарқанд вилоятида 3 та ихтисослаштирилган элита уруғчилиги хўжаликлари ташкил этилади. Уларнинг ҳар бирига сувли ва унумдор майдонлардан 100 гектардан ер ажратилиб, уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқармалари тасарруфига ўтказилади. Ихтисослаштирилган элита уруғчилиги хўжаликларининг ҳар бирида 40 гектардан майдонда уруғлик пахта ва ғалла, 20 гектарда бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг суперэлита ва элита уруғлари етиштирилади.