Самарқандда 45,6 минг ўқувчи 11-синфни битирди
Хабар қилганимиздек, вилоятимиздаги барча мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбирларда мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, шунингдек, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси” каби номинациялари бўйича ташаккурномалар берилди.
Ўқув йили давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланди.
1661 нафар битирувчи олтин медалга лойиқ
2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларини жами 111 462 нафар ўқувчи 9- ва 11-синфларни тугатмоқда. Шундан 65 842 нафари 9-синфни, 45 620 нафари 11-синфни тамомлаяпти.
Жорий йилда вилоят мактабларидаги 9-синф битирувчиларининг 3942 нафари аъло даражадаги таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага, 11-синфларнинг 198 нафари кумуш, 1661 нафари олтин медалга даъвогарлик қилмоқда.
Қанча мактаб ўқувчиси муддатидан олдин талаба бўлди?
Жорий йил вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 293 нафар ўқувчиси муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, талаба бўлди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп талаба бўлганлар Самарқанд шаҳри мактаблари битирувчилари бўлиб, муддатидан олдин 81 нафар ўқувчи талаба бўлган. Кейинги энг кўп битирувчиси талаба бўлган ҳудудлар – Паст Дарғом туманидан 39 нафар, Жомбой туманидан 30 нафар мактаб битирувчиси хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.