Самарқандда чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари ўтказилмоқда
Бугун Самарқанд шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш” бўйича ноябрь ойида бўлиб ўтадиган имтиҳонларнинг дастлабки босқичи бошланди.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими ахборот хизматининг Zarnews.uz’га хабар беришича, талабгорлар инглиз, француз тиллари бўйича B2 ва C1 даражаларини олиш мақсадида имтиҳон топширган.
Имтиҳон бугун бир навбатда ташкил этилиб, унда 30 нафар талабгор қатнашган. 25 ноябрь кунлари эса имтиҳоннинг иккинчи босқичи, яъни гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳони ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификати бериш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 352-сон қарорига мувофиқ, мазкур имтиҳонларнинг ҳар иккала босқичи натижалари бўйича белгиланган максимал баллнинг 60 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган талабгорларга намунадаги сертификат тақдим этилади.
Тилни билиш даражаси B2 ёки ундан юқори бўлган сертификатга эга абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда чет тили фанидан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.
Шунингдек, таълим муассасаларининг C1 даражадаги сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўланади.